Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон ўрнини яхшилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
2024-10-24 10:25:00 / Вазирлик янгиликлари
Ҳуқуқ устуворлиги индексининг Асосий меҳнат ҳуқуқлари индикатори бўйича Давлат меҳнат назорати инспекциясининг ваколатлари кенгайтирилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 4 октябрдаги ПҚ-347-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ:
а) 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан текширувлар текширув бошланган пайтдан бошлаб Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда ўтказилади;
б) 2025 йил 1 мартдан бошлаб:
Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари мансабдор шахсларига меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаганлиги учун камерал назорат ўтказиш ваколати берилади;
меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузган, Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига аралашган, тўсқинлик қилган ёки таъсир ўтказган шахсларга нисбатан жарима қўллаш тартиби жорий этилади;
Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими маълумотларидан фойдаланган ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қурилаётган, таъмирланаётган ёки реконструкция қилинаётган объектлардаги ишчилар сонининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда пудрат ишлари ҳажмига мувофиқлиги юзасидан назорат тадбирларини ўтказишга рухсат этилади;
в) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ходимларини бир ойда жами 10 иш кунидан ортиқ муддатга текширувлар ўтказишга жалб қилиш тақиқланади.
Шунингдек, Инспекция томонидан иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларини тартибга солишда қуйидаги ишлар амалга оширилди.
2024 йил январь-август ойларида 10 209 та текшириш ва ўрганишлар ўтказилган бўлиб, унда 30 798 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган, улардан 18 844 таси меҳнат муносабатлари ва 11 954 таси меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига тўғри келади.
Ўтказилган текшириш ва ўрганишлар иқтисодий фаолият турлари
бўйича таҳлил қилинганда, мактабгача ва мактаб таълимида – 4 604 та (45%), соғлиқни сақлашда – 745 та (7,2%), қишлоқ хўжалигида – 443 та (4,3%), Олий таълимда – 293 та (2,9%), қурилишда – 492 та (4,9%) ва бошқа иқтисодий соҳалар (саноат, нефтгаз, савдо, кимё, алоқа, транспорт, банк ва бошқа тармоқлар)да – 3 632 та (35,5%) улуш тўғри келмоқда.
Меҳнат муносабатларини тартибга солиш йўналишида аниқланган қонун бузилиш ҳолатларининг энг катта улуши меҳнат таътиллари бўйича – 17,5%, иш ҳақини тўламаслик бўйича – 14%, бўш иш ўринларини яшириш – 8,4%, меҳнат шартномаларини нотўғри расмийлаштириш бўйича – 5,8%, меҳнат дафтарчаси юритилиши бўйича – 4,4%, электрон меҳнат шартномалар тузмаслик – 4,2%, ишдан ноқонуний бўшатиш – 2,7% ва бошқа йўналишлар – 42,7% ташкил қилади.
Мазкур аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича Давлат меҳнат назорати инспекцияси томонидан ижроси мажбурий бўлган 4 666 та ёзма кўрсатма берилган, юқори турувчи ташкилотларга 136 та тақдимномалар юборилган ва айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 5 963 та маъмурий жарима солиш бўйича қарорлар қабул қилинган.
Бундан ташқари, жойларда меҳнат муносабатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш борасида давлат меҳнат назорати инспекторлари томонидан жами 6 310 та тарғибот ишлари ўтказилган, жумладан 3 653 та семинар, конференция ва давра суҳбатлари ташкил этилган, интернет, телевидение, радио, газета ва журналларда 932 та чиқишлар ташкиллаштирилган, 595 та «Очиқ эшиклар куни» ўтказилган ҳамда 1 130 марта ишонч телефони орқали тушунтиришлар берилган.
