Ҳоким ёрдамчилари моддий рағбатлантирилади
2026-10-20 10:00:00 / Вазирлик янгиликлари
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 557-сон қарори билан бизнесни рўйхатга олиш тадбирига жалб этилган ҳоким ёрдамчиларини моддий рағбатлантириш тартиби белгиланди.
Қарорга кўра, рўйхатга олувчиларга бириктирилган ҳудудда иқтисодий бирликларни рўйхатга олишнинг тўлиқ қамрови таъминлангач, Жаҳон банки иштирокидаги лойиҳа маблағлари ҳисобидан бир мартали рағбатлантириш тўлови амалга оширилади.
Тўловлар ҳар бир тўлдирилган ва қабул қилинган сўровнома учун қуйидагича белгиланади:
🔹 Расмий фаолият юритаётган иқтисодий бирлик учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 0,45 фоизи, яъни 6 120 сўм;
🔹 Давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган иқтисодий бирлик учун — 0,6 фоиз, яъни 8 160 сўм.
Ҳисоб-китоблар 2026 йил 1 сентябрдан белгиланган 1 360 000 сўмлик меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори асосида келтирилган.
Яна нималарни билиш муҳим?
➡️ Тадбирга жалб этилган ходимларнинг асосий иш жойи, лавозими ва ойлик иш ҳақи сақланади.
➡️ Кутилмаган ҳолатлар сабабли рўйхатга олувчи ўрнига бошқа ходим жалб этилса, у ҳам белгиланган тартибда рағбатлантирилади.
➡️ Бир мартали рағбатлантириш тўловлари Миллий статистика қўмитаси томонидан амалга оширилади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар бизнесни рўйхатга олишда онлайн иштирок этади. Шу сабабли улар бўйича ҳоким ёрдамчиларига рағбатлантириш тўлови ҳисобланмайди.
Тўловни олишнинг асосий шарти — сўровномаларни белгиланган талаблар асосида тўлиқ ва сифатли тўлдириш, уларнинг қабул қилинишини ҳамда бириктирилган ҳудуддаги иқтисодий бирликларнинг тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш.
