Таълим ва касбий тайёргарликни ривожлантириш бўйича янги вазифалар белгиланди
2026-09-30 17:00:00 / Вазирлик янгиликлари
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувида таълим тизимини ривожлантириш, педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш, ёшларни мактабданоқ касбга йўналтириш ҳамда профессионал таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Давлатимиз раҳбари таълимни ривожлантириш Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг энг муҳим бўғини эканини таъкидлаб, сўнгги ўн йилда 1 миллион 800 минг ўринли боғчалар, 1,5 миллион ўринли мактаблар барпо этилгани, 10 мингдан зиёд боғча ва мактаб замонавий кўринишга келтирилганини қайд этди.
Шу билан бирга, таълимда яратилаётган шароитлар билан бир қаторда унинг мазмуни ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ҳар бир боланинг камол топиши учун сифатли дарсликлар, кучли ва малакали педагоглар зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бугунги шароитда янги касблар пайдо бўлиб, мавжуд касблар учун талаб этиладиган кўникмалар ҳам ўзгариб бормоқда. Шу боис мактаб битирувчиларининг катта ҳаётга тил ва муайян касбни эгаллаган ҳолда кириб боришини таъминлаш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Ёшларни мактабданоқ касбга тайёрлаш, таълим босқичлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш мақсадида тегишли комиссия тузилиши, уч ой ичида янги ечимлар ишлаб чиқилиши қайд этилди. Мактаб раҳбарларига зарур ваколатлар берилиши ҳамда бу жараёнда ҳамкорлик қилишга тайёр тадбиркорлар учун тегишли шароитлар яратилиши белгиланди.
Учрашувда педагогларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Эндиликда педагогларнинг пойтахт ёки вилоят марказига бориб, бир ойлик курсларда мажбурий ўқиш талаби бекор қилиниб, унинг ўрнига касбий ривожланиш ваучерлари жорий этилади.
Муаллимлар тоифа синовидаги натижасига қараб 18 соатдан 72 соатгача таълим олиш имкониятига эга бўлади ҳамда курс ва малака ошириш жойини мустақил танлайди. Мазкур ёндашув малака ошириш тизимини педагогнинг амалий эҳтиёжларига янада мослаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Касбий таълимни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди. Сўнгги икки йилда 104 та техникумга Германия, Буюк Британия, Швейцария ва Хитойнинг халқаро дастурлари олиб кирилди. 25 мингта корхона билан йўлга қўйилган ҳамкорлик натижасида 100 мингдан зиёд ёш ўқиш билан бир вақтда даромад топиш имкониятига эга бўлди.
Жорий йилдан дуал таълим асосида касб ўрганаётган ёшларга 1 миллион 300 минг сўмгача стипендия тўланмоқда. Шунингдек, бу йил 9-синфни тамомлаган 220 минг нафар ўқувчи техникумларга жалб қилинди.
Келгусида халқаро дастурларни босқичма-босқич барча техникумларга жорий этиш кўзда тутилган. Келаси йилдан халқаро касб сертификатига эга усталарга 50 фоиз устама тўланади ва сертификат олиш харажатлари тўлиқ қопланади. Ҳар йили 500 нафар техникум устасининг Германия, Швейцария, Туркия ва Хитой каби давлатларда стажировка ўташи ташкил этилади.
Учрашувда касбий маҳорат танловларининг ёшларнинг салоҳиятини юзага чиқаришдаги ўрнига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Илк бор ўтказилган "Янги Ўзбекистон бунёдкорлари" касб танловида 170 минг нафар ўқувчи иштирок этди. Ғолибларни тайёрлаган 120 нафар устага 40 миллион сўмгача мукофот берилди.
Президентимиз ушбу танловни ҳар йили ўтказиш, энг муносиб ўқувчилар ва усталарни 2028 йили Токиода бўлиб ўтадиган касблар бўйича жаҳон чемпионатига тайёрлаш вазифасини қўйди. Бундан буён минтақавий ва халқаро касб танлови ғолибини тайёрлаган устага 100 миллион сўм, жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақа ғолибини тайёрлаган устозга эса 200 миллион сўм мукофот берилади.
Хусусий секторнинг касбий таълимдаги иштирокини кенгайтириш бўйича ҳам қатор имкониятлар белгиланмоқда. Хусусий техникум ташкил этадиган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари ва ер нархидан чегирмалар берилади. Келаси ўқув йилидан саноат, сервис ва инфратузилма каби муҳим соҳалар учун кадрлар тайёрлайдиган хусусий техникумлар ўқувчиларининг 50 фоизига давлат гранти ажратилади. Халқаро дастур ва франшизаларни олиб келиш харажатларининг 75 фоизи қопланади, ўқув лабораториялари ва жиҳозларини олиб кириш эса божхона тўловларидан озод қилинади.
Мазкур вазифалар таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги узвийликни кучайтириш, ёшларнинг замонавий касб ва кўникмаларни эгаллаши учун имкониятларни кенгайтириш ҳамда профессионал таълим сифатини оширишга хизмат қилади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимида ҳам касбга ўқитиш сифатини ошириш, педагоглар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ўқув дастурларини замонавий ва халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ҳамда иқтидорли ёшларни нуфузли касбий мусобақаларга тайёрлаш ишлари изчил давом эттирилади.
