Яшил иқтисодиёт учун янги касбий стандартлар
2026-09-30 19:30:00 / Вазирлик янгиликлари
Самарқандда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда GIZ PROGRESS ҳамкорлигида Ўзбекистон ва Тожикистон мутахассислари иштирокида электромобиллар соҳаси бўйича давра суҳбати ўтказилди.
Лойиҳа доирасида электромобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича касбий стандартлар ишлаб чиқиш, мутахассислар малакасини баҳолаш тизимини шакллантириш режалаштирилган.
Дастлаб ушбу ёндашув Самарқанддаги Малакани баҳолаш марказида пилот тарзда синовдан ўтказилади.
Ҳозирги босқич тажриба-синов характерига эга бўлиб, унинг натижалари асосида стандартларни такомиллаштириш ва кейинги босқичларда кенгроқ қўллаш имкониятлари баҳоланади.
Амалий жиҳатдан бу электромобиллар ва "яшил" технологиялар бўйича замонавий малакага эга кадрларни тайёрлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини ягона меъзон асосида баҳолаш ҳамда тайёрланаётган мутахассисларни реал меҳнат бозори талабларига яқинлаштиришга хизмат қилади.
Тадбир доирасида иштирокчилар Самарқанддаги Малакани баҳолаш маркази ҳамда Жиззахдаги BYD заводи фаолияти билан ҳам танишишди.
