Аёллар бандлиги бўйича ҳамкорлик кенгаймоқда
2026-09-25 13:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Раъно Турдибоева БМТ Аёллар тузилмасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Белен Санз Луке билан учрашди.
Мулоқот давомида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда гендер тенглигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Белен Санз Луке вазирлик томонидан ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолади. Шунингдек, учрашув доирасида Global Accelerator (GA) ташаббуси доирасидаги "Ўзбекистонда расмий бандликка адолатли ўтиш учун муносиб иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимояни жадаллаштириш" лойиҳаси доирасида тайёрланган "Ўзбекистонда уй-рўзғор ва парвариш ишларини расмийлаштириш" ҳисоботи тақдим этилди.
Учрашув якунида хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда инклюзив меҳнат бозорини ривожлантиришга қаратилган қўшма ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.



