Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ижтимоий адолат бўйича Глобал коалициянинг Йиллик форумида иштирок этди
2026-09-16 18:00:00 / Вазирлик янгиликлари
2026 йил 16 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидов Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан ташкил этилган Ижтимоий адолат бўйича Глобал коалициянинг Йиллик форумида иштирок этди.
Вазир "Коалиция ҳамкорлари амалда: асосий ташаббуслар орқали натижаларга эришиш" мавзусидаги панел муҳокамасида сўзга чиқди. Унда ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, иш берувчилар ва ходимлар вакиллари иштирок этди.
Ўз нутқида Ботир Зоҳидов Ўзбекистон учун ижтимоий адолат иқтисодий ислоҳотлар, бандлик сиёсати, камбағалликни қисқартириш ва инсон капиталини ривожлантириш жараёнларига изчил сингдирилаётган тамойил эканини таъкидлади.
"Ўзбекистон учун ижтимоий адолат — иқтисодий ислоҳотлар, бандлик сиёсати, камбағалликни қисқартириш ва инсон капиталини ривожлантиришга сингдирилган тамойилдир", — деди вазир.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларига тўхталар экан, у мамлакатда камбағаллик даражаси 3,9 фоизгача, ишсизлик даражаси эса 4,5 фоизгача пасайганини қайд этди. 2025 йилда 5,4 миллион киши даромадли меҳнат билан таъминланди. Вазирнинг таъкидлашича, Жаҳон банки Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш тенгсизликнинг камайиши билан бирга кечаётганини қайд этмоқда.
Вазирнинг сўзларига кўра, асосий вазифа нафақат инсонни камбағалликдан чиқариш, балки унинг яна камбағалликка қайтишининг олдини оладиган барқарор шароитларни яратишдан иборат. Шу боис Ўзбекистонда бандлик сиёсати, касбий кўникмаларни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя камбағалликни қисқартиришга қаратилган ягона ёндашув доирасида бирлаштирилмоқда.
Аниқ мисол сифатида вазир 2025 йилда 40 минг нафар ёш электрон тижорат соҳасида кўникмаларга эга бўлганини қайд этди. Шу билан бирга, касбий тайёргарлик тизими тобора меҳнат бозорининг реал эҳтиёжларига йўналтирилмоқда. Шунингдек, ижтимоий хизматларни манзилли тақдим этиш ривожлантирилмоқда ҳамда Жаҳон банки кўмагида ижтимоий, иқтисодий ва иқлим хатарларига янада самарали жавоб бера оладиган мослашувчан ижтимоий ҳимоя тизими шакллантирилмоқда.
Нутқ давомида яшил ва рақамли трансформацияга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вазир технологик трансформация нафақат янги технологияларнинг пайдо бўлиши, балки янги иш ўринлари, касблар ва кўникмаларга бўлган талабни ҳам шакллантиришини таъкидлади. Шу муносабат билан меҳнат бозоридаги келажакдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш алоҳида аҳамият касб этади.
Ботир Зоҳидов миллий ислоҳотларни жадаллаштиришда халқаро ҳамкорликнинг муҳимлигини ҳам қайд этди. Ўзбекистон адолатли ўтишлар учун бандлик ва ижтимоий ҳимоя бўйича Глобал акселератор ташаббусида биринчилардан бўлиб қатнашган давлатлардан бири ҳисобланади. Ушбу ташаббус доирасидаги Миллий йўл харитаси норасмий бандликни қисқартириш, инклюзив ижтимоий ҳимояни ривожлантириш, шунингдек, адолатли яшил ва рақамли ўтишларни таъминлаш масалаларини қамраб олади.
2026 йил июн ойида Ўзбекистон Камбоджа билан ҳамкорликда Глобал акселератор бўйича юқори даражадаги вазирлар учрашувини ўтказди. Бундан ташқари, мамлакат Ижтимоий адолат бўйича Глобал коалиция, Alliance 8.7 ва Жаҳон банкининг "Jobs for the Poor" ташаббусида фаол иштирок этмоқда. Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу ҳамкорликлар халқаро мажбуриятларни миллий даражадаги аниқ натижаларга айлантириш имконини бермоқда.
"Ижтимоий адолат иқтисодий трансформация жараёнининг бошиданоқ унинг ажралмас қисмига айланиши керак. Фақат шундагина иқтисодий ўсиш барча учун реал имкониятлар яратиши мумкин", — дея таъкидлади Ботир Зоҳидов ўз нутқи якунида.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг иш жадвали ўзгариши ҳамда вазирнинг Қорақалпоғистонга ишчи ташриф билан бориши зарурлиги муносабати билан Ботир Зоҳидов Форумдаги иштирокини шахсан давом эттира олмаслигини маълум қилди ва Ўзбекистоннинг Форумдаги кейинги иштирокини вазир ўринбосари Раъно Турдибоева давом эттиришини маълум қилди.
