Ижтимоий ва реабилитация хизматларини ривожлантириш бўйича халқаро конференция
2026-09-10 09:00:00 / Пресс-релизлар
ПРЕСС-РЕЛИЗ
2026 йил 10 сентябр куни Тошкент шаҳрида "Ижтимоий ва реабилитация хизматларини ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг Меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича маслаҳат кенгаши кўмагида ташкил этилмоқда.
Конференция МДҲ давлатлари ўртасида ижтимоий таъминот, реабилитация хизматларини ривожлантириш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, уларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини кенгайтириш, бандлигини таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича халқаро тажрибани ўрганишга қаратилган.
Тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Россия Федерациясининг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси, соҳа экспертлари ва мутахассислари иштирок этади.
Конференция сессияларида ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация ва абилитация қилишнинг замонавий тизимлари, ижтимоий хизматларни ривожлантириш, ногиронликни белгилашнинг янги ёндашувлари ҳамда ногиронлиги бўлган фуқароларни очиқ меҳнат бозорига интеграция қилиш масалалари муҳокама қилинади.
Ялпи мажлис ва сессиялар доирасида комплекс реабилитациянинг жаҳон ва миллий тенденциялари, тиббий ва ижтимоий хизматларни такомиллаштириш, МДҲ давлатлари билан ижтимоий соҳадаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилади. Шунингдек, илғор халқаро тажриба алмашилиб, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ҳамда уларга кўрсатиладиган хизматлар самарадорлигини оширишга қаратилган амалий ёндашувлар тақдим этилади.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан Конференция резолюциясини қабул қилиш масаласи кўриб чиқилади. Шунингдек, 11 сентябр куни конференция иштирокчилари Ўзбекистонда реабилитация хизматларини кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишади.
