Иш жойидаги зўравонлик — меҳнат хавфсизлиги масаласи
2026-08-13 19:40:00 / Вазирлик янгиликлари
#қонунчилик
Меҳнат хавфсизлиги — бу фақат техник хавфлардан ҳимояланиш эмас. Тазйиқ, зўравонлик ва психоижтимоий хавфларнинг олдини олиш ҳам хавфсиз меҳнат муҳитининг муҳим қисмидир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 819-сон қарори билан тасдиқланган Низомда иш берувчининг ходимлар учун қулай меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиши, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликка йўл қўймаслик ҳамда уларнинг ҳар қандай шаклда намоён бўлишининг олдини олиш бўйича вазифалари белгиланган.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 706-сон қарори билан Давлат меҳнат инспекциясига ушбу йўналишда ҳам давлат назоратини амалга ошириш ваколати берилган.
Бу эса меҳнат хавфсизлиги масалаларига замонавий ёндашувни — янги хавфларни, жумладан, иш жойидаги тазйиқ, зўравонлик ва психоижтимоий хавфларни аниқлаш, баҳолаш ва уларнинг олдини олишга эътибор қаратишни тақозо этади.
Ходимнинг хавфсизлиги — бу фақат ускуна, электр, баландлик ёки бошқа жисмоний хавфлардан ҳимояланиш эмас. Психологик жиҳатдан хавфсиз ва зўравонликдан холи меҳнат муҳити ҳам меҳнат хавфсизлигининг ажралмас қисмидир.
