“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” мавзусидаги конференция
2023-07-06 17:50:00 / Пресс-релизлар
ПРЕСС-РЕЛИЗИ
Тошкент шаҳри 2023 йил 7 июль
“Event Hall” марказида бўлиб ўтадиган конференция жараёнида ижтимоий хизматлар соҳасини кенгайтириш ва камбағалликни қисқартириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантириш ҳамда самарали миграция сиёсати борасида олиб борилаётган ишлар бўйича тақдимотлар ва давра суҳбатлари ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги фаолиятига бағишланган анжуманда 30 га яқин ҳамкорлар – нуфузли халқаро ташкилотлар экспертлари қатнашади.
Халқаро экспертлар ривожланаётган мамлакатларда тўпланган тажрибани янада оммалаштириш мақсадида камбағалликка қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширишда Ўзбекистон эришган ютуқларнинг усуллари ва натижалари, жумладан, уларнинг самарадорлигини кўриб чиқади.
“Ижтимоий хизматлар соҳасини кенгайтириш ва камбағалликни қисқартириш – барқарор ривожланиш гарови” мавзусида бўлиб ўтадиган халқаро анжуманда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев, Канаданинг “Work Global Canada” компанияси вакили, профессор Пол Шелли, Литванинг “Eurodas” ташкилоти раҳбари Роман Холенков, Болгариянинг “United Business Clubs” ассоциацияси президенти Веселин Холачов ўз маърузалари билан иштирок этади.
Конференцияда камбағалликка қарши курашиш бўйича дунёнинг илғор тажрибаларини ўрганиш, яқин йилларда кўп ўлчовли камбағалликка барҳам беришда мувофиқлашган комплекс ёндашув, ижтимоий ҳимоя ва манзилли ёрдамга алоҳида эътибор қаратган ҳолда амалга ошириладиган қўшма тадқиқотлар учун устувор йўналишларни шакллантириш, инсон капиталини такомиллаштириш орқали меҳнат бозорида ўқитиш дастурларининг сифатини ошириш, кичик корхоналарнинг ўсишини қўллаб-қувватлаш ва бандликни таъминлаш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
Шундан сўнг, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” мавзусида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларга доир видеоролик намойиши бўлиб ўтади.
“Халқаро меҳнат бозорининг глобаллашуви жараёнида Ўзбекистоннинг ўрни ва истиқболлари” мавзусидаги давра суҳбати билан Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги тадбирлари давом этади.
Давра суҳбатида Финляндиянинг “Smart Workers Ltd” компанияси бош директори Джани Хавунун, Швейцария “Globogate Concept AG” компанияси Бизнесни ривожлантириш бўйича бош менежери Йоханнес Мейер “Japan Regio Sahou Association” компанияси президенти Норио Амемияларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланади.
Халқаро тадбирлар давомида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига жавоб берилади.
Конференция доирасида ҳамкорликка оид бир қатор ҳужжатларни имзолаш ва қўшма коммюникени қабул қилиш ҳам режалаштирилган.
Маълумот учун: Сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалла институтини янада такомиллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш, маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу борада, 9,5 минг маҳаллада маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспекторидан иборат “маҳалла бешлиги” тизимини жорий этилиши давлат сиёсатини ҳар бир хонадонга кириб боришида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Республикамизда, илк бор, миллий камбағаллик чегараси белгиланиб, ижтимоий нафақа ва пенсиялар миқдори минимал истеъмол харажатлари даражасига етказилди.
Айниқса, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жорий этилиб, йилига 1,5 миллион ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган аҳолининг турмуш даражаси оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонуни шунингдек, янги таҳрирдаги “Меҳнат кодекси”нинг қабул қилиниши, аҳолига бандлик хизматлари кўрсатишнинг сифат-самарадорлигини юқори даражага олиб чиқди.
2017 йилда 270 минг аҳолига бандлик хизмат кўрсатилган бўлса, ҳозирга келиб йилига 1 миллион фуқароларга бандлик хизматлари кўрсатилиб, бу борадаги хизматлар 2016 йилга нисбатан 3 баробарга оширилди.
Ўрта Осиё давлатларида биринчилардан бўлиб, иш берувчи ва ходимлар ўртасида меҳнат шартномалари тузиш, электрон меҳнат дафтарчаси юритиш бўйича тизим ишга туширилди.
Ишсиз аҳолига, жумладан, ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касб ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишнинг янгича тизими яратилди.
Йиллик қуввати 100 мингдан ортиқ 52 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, 574 та касб-ҳунарга ўқитиш масканлари, 28 та “Ишга марҳамат” мономарказлари фаолияти йўлга қўйилди. Ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш қамрови 2016 йилга нисбатан 2022 йилда 24 баробарга ортди.
Камбағал оила аъзоларининг иш билан бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 30 турдаги субсидиялар ажратиш амалиёти йўлга қўйилди.
Охирги тўрт йилда давлат бюджетидан 531 млрд.сўм субсидия ажратиш ҳисобига 200 минг аҳоли бандлиги таъминланди.
Олиб борилган ислоҳотлар натижасида, 2022 йилда камбағаллик даражаси
17 фоиздан 14,1 фоизга тушди.
2017 йилга қадар 3 та, бугунги кунда эса 22 та хорижий давлатлар билан миграция масалалари бўйича ҳукуматлараро битимлар имзоланди. Бунинг натижасида, ривожланган давлатларда ишлаш истагига бўлган шахсларни муносиб иш ўринларига жойлаштириш
10 баробарга ошди.
Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берилди ва бу Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан тан олинди.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 5 триллион сўм маблағ ажратилиб, халқимиз томонидан ижобий эътироф этилмоқда.
