Ҳамма учун муҳим бўлган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонун нега ўзгартириляпти?
2024-05-01 18:30:00 / Вазирлик янгиликлари
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасида бандлик хизматлари такомиллаштирилиши муносабати билан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга бир қатор ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда. Хусусан, иш берувчининг бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда юбориш шартлари белгиланмоқда.
Ишдан ва иш ҳақи (меҳнат даромади) дан маҳрум бўлган шахсларга ишсизлик нафақаси миқдорини белгилаш шартларига аниқлик киритилиб, ишсизлик нафақасини тўлашни тугатиш ва тўхтатиб туриш учун асослар рўйхати кенгайтирилмоқда.
Шунингдек, бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этиш учун субсидиялар вазирлик ва идораларнинг мақсадли жамғармалари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилиб, ссуда ажратиш ёки рад этишнинг асослари белгилаб қўйилмоқда.
Депутатлар томонидан қонун лойиҳасида ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонларининг аниқ белгилаб берилганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси билан ўзаро мувофиқлаштирилаётганлиги келгусида ишчиларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши иш берувчилар томонидан маҳаллий меҳнат органларига бўш (вакант) иш ўринларини тақдим этиш жараёнини соддалаштириш, бандлик хизматларини кўрсатишда амалдаги турли муаммоларни бартараф этиш ва бандликка кўмаклашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Қизғин муҳокамалар, савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
