ССВ: Тошкент тиббиёт академияси талабалари қасамёд қабул қилди
2024-10-02 20:05:00 / Янгиликлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент тиббиёт академияси томонидан ташкил этилган ушбу тантанали маросимда вазирлик масъуллари, академия раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва 2000 нафарга яқин талаба иштирок этди.
Таъкидланганидек, бугун Президентимиз томонидан олий таълим соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида кадрлар тайёрлаш тизими мазмун ва сифат жиҳатидан бутунлай янги босқичга кўтарилди.
Хусусан, тиббиёт йўналишида илғор таълим стандартлари асосида юқори билимга эга мутахассислар тайёрлаш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиляпти. Буни биргина Тошкент тиббиёт академияси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Чунончи, ўтган йили ушбу таълим муассасасининг янги реконструкция қилинган бош ўқув биноси фойдаланишга топширилди. Шунингдек, бу ерда таълим сифатини яхшилаш, соҳа ходимлари малакасини ошириш, хориждаги етакчи илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорликда ўқув жараёнига замонавий педагогик технологиялар, таълим дастурлари ва ўқув-методик материалларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор бериляпти.
Натижада бугунга келиб, академия нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон тиббиётига олий маълумотли етук мутахассислар тайёрлайдиган юртимиздаги таянч тиббий олий таълим муассасасига айланди.
Ўқув юрти чин маънода рақамли (смарт) олий таълим муассасаси бўлиб, 7 та факультетда 14 та бакалавриат таълим йўналиши, 44 та магистратура мутахассислиги, 32 та ординатура, 35 та докторантура ихтисослиги, 7 та интернатура мутахассислиги бўйича 14 минг нафардан зиёд ёшлар таҳсил олмоқда. Эътиборлиси, уларнинг қарийб 2000 нафари хорижлик талабалардир.
Муассасада таълим олувчиларга барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, уларнинг амалиёт ўташлари, касб малакаларини эгаллашлари учун замонавий Симуляция маркази, “Электрон кутубхона” платформаси, 44 турдаги замонавий илмий-тадқиқот ускуналари билан жиҳозланган Биотиббиёт технологиялар, Тил ўргатиш ҳамда Рақамли тиббиёт марказлари фаолият юритмоқда.
Жорий йил академия Таълим сифатини таъминлаш бўйича мустақил халқаро аккредитация ва рейтинг агентлиги томонидан халқаро аккредитациядан ўтказилди. Натижада ушбу ўқув муассасаси Европа ва жаҳон таълим маконида тан олинган мақомга эга бўлди. Шунингдек, унинг битирувчилари эндиликда хорижнинг исталган университетида таълимни давом эттириши ва ишга жойлашиш учун лицензия олиши мумкин.
Тадбирда шу ҳақда сўз юритилар экан, йиғилганларга академия фаолияти тўғрисидаги фильм ва иқтидорли талабаларнинг ютуқлари ифодаланган видеороликлар намойиш этилди. Шунингдек, бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларнинг фидокорона меҳнатлари алоҳида эътироф этилиб, уларга “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” ва “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Маросим сўнгида 2000 нафарга яқин биринчи босқич талабалари ўз касбига садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.








