
Xalqaro hamkorlik

#Ҳамкорлик
Ўзаро ишонч ва ҳамкорлик – тараққиёт гарови
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари янги босқичга кўтарилиб, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик ришталари тобора мустаҳкамланмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ етакчиси билан олиб борган олий даражадаги музокаралари икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратиб берди.
Шу кунларда Зойир Мирзаев раҳбарлигидаги Тошкент вилояти делегацияси амалий ташриф билан Америка Қўшма Штатларида бўлиб турибди. Ушбу сафар доирасида биз, делегация аъзолари, халқаро иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициявий муҳитни мустаҳкамлаш ва истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш йўлида қатор учрашувларда иштирок этмоқдамиз.
Бугун Флорида штатининг нуфузли “Becker & Poliakoff” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказдик. Мазкур компания АҚШнинг йирик юридик ва стратегик шериклик марказларидан бири бўлиб, халқаро бозорда фаолият юритишни истаган кўплаб компанияларга маслаҳат ва қўллаб-қувватлаш хизматини кўрсатиб келади.
Учрашув давомида компаниянинг Вашингтондаги федерал лобби амалиёти бошқарувчиси Омар Франко билан самимий ва амалий мулоқот бўлиб ўтди. У киши Fortune 500 компаниялари, кичик бизнес, университетлар ва жамоат ташкилотларининг ишончли вакили сифатида катта тажрибага эга.
Сўнгги йилларда Тошкент вилояти иқтисодиётида барқарор ўсиш кузатилмоқда. Фақат ўтган йилнинг ўзида вилоят иқтисодиётига 5,5 миллиард АҚШ долларига яқин тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди. Бу эса халқаро шерикларимизнинг Ўзбекистонга бўлган ишонч даражаси юқори эканлигини яққол кўрсатади.
Учрашув якунида икки томон ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олди.
Биз ишонамизки, ушбу ташриф ва стратегик ҳамкорлик америкалик ишбилармонлар учун ҳам Ўзбекистон бозорида янги имкониятлар эшигини очади, икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ишончни янада мустаҳкамлайди.


