Иқтисодий судларда ишларни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш тартиби.
2026-09-19 18:45:00 / Yangiliklar
Иқтисодий судларда ишларни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш тартиби.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
2032-моддасига (кейинги ўринларда Кодекс деб юритилади) кўра, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юзи эллик бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса юз бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши белгиланган. Бугунги кунда юридик шахсларга нисбатан даъво суммаси 61.800.000 сўм миқдоригача, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса 41.200.000 сўм миқдоригача бўлган ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилади.
Агар ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин.
Шунингдек, Кодекснинг 2032-моддасига кўра, агар ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида учинчи шахснинг ишга киришиш тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилган, ушбу бобда белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши мумкин бўлмаган қарши даъво қабул қилинган бўлса ёхуд агар суд қуйидагилар хусусида, шу жумладан тарафлардан бирининг илтимосномасига кўра ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор қилинишига олиб келиши мумкин, қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур, билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин деган хулосага келса суд ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш ҳақида ажрим чиқаради.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
2032-моддасига кўра, корпоратив низолар бўйича ишлар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмайди.
Ишларни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга бир қатор қулайликлар ҳамда афзалликлар беради.
Жумладан, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.
Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.
Иқтисодий судларда ишларни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тезкорлик билан ҳимоя қилиш, вақтлари ҳамда пул маблағларини тежалишига хизмат қилади.
Л.Тошмуродов
Навоий вилоят суди судьяси
Ш.Ғофуров
Навоий туманлараро
иқтисодий суди раиси
Б.Джумаев
Навоий туманлараро
иқтисодий суди судьяси
