8-декабр – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кун.
2025-12-08 / Воқеалар тақвими

Ўзбекистон Конституцияси ҳақида нималарни биламиз
Ўзбекистон Конституцияси 1992-йил 8-декабр куни Республика Олий Кенгашининг XI сессиясида қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 6 бўлим, 26 боб, 128 модда ва Муқаддима (кириш) қисмидан иборат.
Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнасида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, биринчи Конституция қабул қилиниши баробарида мустақилликнинг ҳуқуқий тамал тоши ўрнатилган. Конституция яратилиш жараёнида қайсидир давлатдан кўр-кўрона кўчириб олинмаганлигини ҳам инобатга олиш керак. Ўзбекистон Конституцияси энг тараққий этган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилган.
Конституциянинг юридик кучи
Конституцияга кўра, Ўзбекистон – Президентлик бошқарув шаклидаги суверен демократик республика ҳисобланади. Конституцияда давлатни, жамиятни ривожлантиришнинг демократик омиллари белгилаб берилган бўлиб, унда Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи ҳисобланиши кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси олий юридик кучга эга: президент Конституцияга, қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республикани бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар, фармойишлар қабул қилади. Ўзбекистон Конституциясида жамият ҳамда давлат ҳаётидаги энг муҳим масалалар умумий овоз (референдум)га қўйилиб, ҳал қилинади.
Конституцияда Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган республика Олий Мажлиси ҳамда президенти иш олиб бориши кўзда тутилган бўлиб, Давлат ҳокимияти эса учга – қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимиятига бўлинади. Ўзбекистон Конституциясида давлат ўз фаолиятини инсон ҳамда жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолатга ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади. Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Бироқ, республика ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши, уларнинг ривожланиши учун шарт-шароит яратилиши ҳам назарда тутилган. Конституция, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг ўз ватани ичида эркин ҳаракатланишлари, истаган жойларига кўчиб бориб яшаш ҳуқуқлари ҳам кафолатлайди.
Конституцияда ҳар ким эркинлик ҳамда шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатилган. Унга кўра, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланишига йўл қўйилмайди. Жиноятда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда кўриб чиқилмагунча қийноққа солиниши, унга нисбатан зўравонлик, шафқатсиз ёки қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар олиб борилиши мумкин эмаслиги кўрсатилган.
