МАҚОЛА
2026-02-26 18:00:00 / Янгиликлар
Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият – жамият тараққиётининг мустаҳкам пойдевори

Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият – жамият тараққиётининг мустаҳкам пойдевори
Бугунги кунда, жамият тараққиётида фуқароларнинг, айниқса ёшлар ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистонда давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ қилишнинг ҳозирги босқичида фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятига бўлган талаб ва эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.
Зеро, мухтарам Президентимиз таъкидлаганидек “токи жамиятнинг ҳар қайси аъзоси ўз ҳуқуқи, ўз бурчи ва масъулиятини пухта билмас экан, уни ҳаётий эҳтиёж сифатида англамас экан, бизнинг ислоҳот, янгиланиш ҳақидаги барча сўзларимиз, саъй ҳаракатларимиз бесамар кетаверади. Бугун одамларнинг дунёқараши, онги, тафаккурини ўзгартириш мана шу масала билан чамбарчас боғлиқ бўлиб қолади”.
Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5618-сонли фармони бугунги кунда ҳам асосий меъёрий манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур фармон жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва юксалтиришни тизимли тарзда амалга ошириш, ҳуқуқий тарғиботни ташкил қилиш ва аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича комплекс чоралар белгилайди, бу ҳужжат ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришни давлат сиёсати даражасига кўтарган ва уни амалга ошириш бўйича механизмлар ҳамда вазифаларни белгилаб берган.
Шу сабабли фармонда ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги белгиланди.
Бундан ташқари, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш учун ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш бугунги кунда ҳам устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоғи керак.
Хулоса қилиб айтганда, фуқароларда ҳуқуқий маданият ва тафаккурни шакллантириш, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини уларга етказиш, фуқароларда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдаланиш, Ўзбекистонда мавжуд бўлган ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг тартиботлари, шакллари ва услубларидан фойдаланиш тўғрисидаги билимларни ошириш мақсадида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ижтимоий онгни ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича кенг кўламли ва тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бундай чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалиб, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортиб бормоқда. Бу эса ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти тараққиётининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.
Б.Бабақулов - Навоий вилоят суди судяси
