Туман тарихи

Ўзбекистоннинг энг хушманзара тоғолди ҳудуди иқлимига эга бўлган Хатирчи тумани Республикамизнинг дастлабки 79 тумани қаторида расман 1926- йил 29- сентабрда ташкил топган.
Хатирчи тумани шимолдан ва шимолий ғарбдан вилоятнинг Нурота, ғарбдан Навбаҳор туманлари билан жанубдан Зарафшон дарёси орқали Самарқанд вилоятининг Пахтачи ва Нарпай туманлари, жанубий-шарқ ва шарқдан Каттақўрғон ҳамда шимолий-шарқдан Қўшработ туманлари билан чегарадош.
Туманнинг йер майдони 1382 kv.km, аҳолиси 213.8 минг киши. (01.03.2024 ҳолатига)
Хатирчи тарихда Сўғдиёна, Кушон, Миёнқол ва яна бир қанча хонлик, подшолик ҳамда амирликлар номи билан аталиб келган.
Туман ҳудуди кейинги минг йил ичида Миёнқол музофоти, Кушония беклиги, Хатирчи вилояти, Хатирчи беклиги, Хатирчи волости, тумани, кенти ва Хатирчи раёни деб юритилган. 1920-1921 йилларда Бухоро халқ совет республикаси таркибида вилоят, 1922-1924- йилларда Кармана вилоятида уезд, 1925-1926- йилларда Кармана уездининг волости, 1927-1930- йилларда Зарафшон округида раён, 1938- йилгача республикага бўйсунувчи раён, 1938- йилда янгидан вилоятлар тузилгач 1982- йил 20- апрелгача Самарқанд вилоятининг, сўнгра 1989 -йил сентябр ойигача янги ташкил этилган Навоий вилоятининг таркибида бўлган.
1989- йилда Навоий вилояти тарқатиб юборилгач, туман яна Самарқанд вилоятига қўшилди. 1992- йилдан бошлаб қайта ташкил этилган Навоий вилоятининг йирик деҳқончилик-саноат туманларидан бири бўлиб келмокда. Туманимиз маркази Искандар Зулқарнайн замонида Паркент (грекча-туркча ён, чет қишлоқ, яъни дарё ёнидаги) араблар истилоси даврига келиб, Фарахкент (чунки арабчада “п” ҳарфи, товуши ишлатилмайди). Соҳибқирон Амир Темур ҳукмронлиги давридан ХИИ-асргача Фарохин қишлоғи, қалъаси деб юритилган. Хатирчининг номланиши 1677 милодий йилдан бошланади. Хўш, “Хатирчи” атамасининг маъноси нима экан? Юртдошимиз Абдураззоқ хўжа ибн Абдуваххоб хўжа Бадир ота томонидан тижорат ишлари, савдо-сотиқ ва бозор муносабатлари қонун -қоидаларига бағишлаб, ҳижрий 1277-1278 - (милодий 1861-61) йилларда ёзилган “Китоби байъя” асарида ўзлари туғилган ерни “Жойи мавлудаш қишлоғи Қорача ас шўбаи Хатирчиги бехатар”, деб тилга олганлар. Хатирчи сўзининг луғавий маъноси араб тилидан келиб чиққан бўлиб, “ Катта сув” ( арабчада “ хатр”- катта, “ жў” – сув) маъноларини билдиради.
Хатирчи туманининг археологик топилмаларидан маълум бўлишича милоддан аввалги 3 минг йиллик охирида аҳоли мисдан қурол ясашни билган. Бронза даври (милоддан аввалги 2-1 минг йилликлар) да дастлаб ўтроқ деҳқончилик турар жойлари вужудга келган (Новандак тепа, Умарамин тепа, Хўжа қўрғон, Куфин ва Парахун). Милоддан аввалги 2 минг йилликнинг иккинчи ярмида асосан чорвачилик ва оддий деҳқончилик билан шуғулланилган. Бу ерда қабилалар истиқомат қилишган.
1920- йил 14- сентабр куни Бухорода умум Бухоро инқилоб қўмитаси ва Республика ҳукумати Халқ нозирлари Совети тузилди. Халқ нозирлари Советининг 14- сентабрдаги қарорига кўра Хатирчи вилояти тузилди ва Сайидмурод Эшон шўро ҳукуматининг раиси, Саид Аъзам Хўжаев инқилоб қўмитасининг раҳбари этиб тайинландилар. 1926- йил сентабр ойида республикада янгидан маъмурий-ҳудудий бўлиниш ўтказилди ва 10 та округ ва 79 та туман ташкил этилди. Ўрта Зарафшон округига Хатирчи тумани ҳам киритилди.
Хатирчи туманида ҳозирда, экологик жиҳатдан сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йетиштириш ва қайта ишлаш саноатини ривожлантириш имконияти мавжуд. Асосий ишлаб чиқариш тармоқлари – пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, паррандачилик, сабзавотчилик, узумчилик, боғдорчилик ва пиллачиликдан иборат. Асаларичилик ва балиқчилик ҳам ривожланиб бормоқда. Туманда ўндан ортиқ миллат вакиллари яшайди.
