Хатирчи тумани ҳокимининг байрам табриги
2025-12-08 10:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум, азиз тумандошлар!
Бугун Сизлар билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллигини нишонламоқдамиз.
1992 йил 8 декабрь куни мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очилиб, ҳуқуқий давлат ва демократик жамият барпо этиш йўлида муҳим қадам қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг XII чақириқ XI сессиясида Конституциямиз қабул қилиниб, 8 декабрь умумхалқ байрами сифатида эътироф этилди.
2023 йил 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдумида 6 бўлим, 27 боб, 155 моддадан иборат Конституциянинг янги таҳрири янада мустаҳкам ҳуқуқий асос сифатида тасдиқланди.
Шу тариқа Ўзбекистон бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида ўз йўлини қатъият билан танлади.
Конституциямиз — мамлакатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий пойдевори, халқимиз хоҳиш-иродасининг олий ифодасидир.
У нафақат асосий қонунимиз, балки ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи, адолат ва тенгликни таъминловчи мустахкам асосдир.
Шубҳасиз, йиллар, асрлар ўтса ҳам, Конституциямиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккуримизнинг юксак намунаси сифатида авлодлар учун ҳаёт қомуси ва долзарб муаммолар ечимини топишда ишончли дастуриламал бўла олади.
Бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз, аҳолининг турмуш даражасидаги юксалиш, жамият онгу тафаккуридаги ўзгаришлар — буларнинг барчаси Конституциямизда белгиланган қоида ва тамойилларнинг амалдаги ифодасидир.
Сўнгги йилларда Давлатимиз раҳбарининг эътибори ва изчил ислоҳотлари натижасида туманимизда ҳам кенг қамровли, мисли кўрилмаган янгиланишлар амалга оширилмоқда — буни барчангиз кундалик ҳаётда ҳис қилиб келмоқдасиз.
Ишончим комилки, бугунги ютуқларимизни мустаҳкамлаш, олдимизда турган юксак мақсадларга эришишда туманимиз фаоллари, кенг жамоатчилик ва барча фуқароларимиз ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.
Туманимизда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш барчамизнинг олдимизда турган муҳим вазифаларимиздан биридир.
Ҳурматли тумандошлар!
Сизларни, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Барчангизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, оилавий бахт, юртимиз равнақи йўлида олиб бораётган ишларингизга улкан зафарлар тилайман.
Азиз тумандошлар, байрамингиз муборак бўлсин!
