"Ўзатом" агентлиги расмий муносабати
2025-04-08 12:50:00 / Янгиликлар

📢 Бир қатор ОАВ ва ижтимоий тармоқларда 2024-йил 5-декабрь куни бўлиб ўтган “Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларининг барқарор ривожланишида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш истиқболлари: халқаро ва миллий тажриба” мавзусидаги халқаро анжуманни ўтказиш харажатлари, жумладан, яшаш, хоналар ижараси ва авиачипталар харажатлари давлат бюджети ҳисобидан қопланганлиги ҳақидаги нотўғри маълумотлар тарқалиши муносабати билан, “Ўзатом” агентлиги вазиятни аниқлаштириш ва расмий муносабат билдириши зарур деб ҳисоблайди. Бундай фикрлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Тадбирни молиялаштириш иштирокчи-давлатлар компаниялари ҳомийлигида, улар томонидан тақдим этилган маблағлар ҳисобидан тўлиқ таъминланганини маълум қиламиз. Конференцияни ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг бирорта қисми бюджет маблағлари ҳисобидан қопланмади. Барча молиявий операциялар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги ва халқаро шаффофлик стандартларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилди.
🔗 Тадбирни ўтказиш ҳамкорлар билан шериклик асосида амалга оширилди ва бундай тадбирларни ташкил этиш халқаро амалиётига мос келади. "Ўзатом" агентлиги бюджет маблағларидан фойдаланишни қатъий назорат қилиб, фақат соҳа ва мамлакат тараққиёти манфаатларини кўзлаб фаолият юритишини таъкидлайди.
✔️Агентлик молиялаштиришнинг шаффофлиги тўғрисида ахборот тақдим этиш борасида оммавий ахборот воситалари учун ҳамкорликка доимо тайёр. Шу муносабат билан, биз ОАВ вакиллари ва мустақил журналистларни ахборот тарқатишда масъулиятли бўлишга, фактларни синчковлик билан текширишга ва воқеаларни холисона ёритиш ҳамда нотўғри маълумотлар тарқалишининг олдини олишга чақирамиз.
