Атом энергияси бўйича халқаро конференция брифинги: барқарор ривожланиш учун асосий ҳамкорлик ва инсайтлар:
2024-12-09 13:30:00 / Янгиликлар

Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш истиқболларига бағишланган халқаро конференцияда ХАЭА (IAEA) бош директори Рафаэл Гросси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги атом энергияси агентлиги директори Азим Ахмедхажаев билан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг бўлиб ўтди.
Рафаэл Гросси ўз нутқида тадбирнинг асосий натижалари билан ўртоқлашди ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар ўртасида атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик муҳимлигини шунингдек, атом энергияси иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва иқлим ўзгаришига таъсирини минималлаштириш учун хавфсиз ва самарали энергия манбаларини таклиф қилиш орқали мамлакатларнинг барқарор ривожланишига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади. Гросси миллий дастурлар учун халқаро тажриба ва энг синалган технологияларни мослаштириш орқали атом энергиясидан хавфсиз ва масъулиятли фойдаланишни таъминлаш зарурлиги ҳақида фикр билдирди.
У минтақавий шерикликни шакллантириш муҳимлигини таъкидлай туриб, халқлар манфаати учун бошқа ташкилотлар билан муносабат ва технологияларни ривожлантиришга кўмаклашувчи таълим дастурлари ва илмий ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди. Асосий нутқдан сўнг Гросси журналистларнинг барча саволларига жавоб берди ва атом энергиясини қўллашнинг турли йўналишлари, шу жумладан тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва энергетикадаги ролини, хавфсизлик ва хатарларни бошқариш масалаларини алоҳида урғу берди.
Брифингни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги атом энергияси агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев давом эттирди, у конференциянинг долзарблигини юқори баҳолаб, тадбирда умумий 500 та делегат хусусан, улардан 150 таси 30 мамлакатдан иштирок этганлари тўғрисида ахборот берди. Унинг таъкидлашича, ушбу тадбир Ўзбекистон учун барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва илғор технологияларни ўзлаштиришга интилишини намойиш этиб, муҳим қадам бўлди. Конференция халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистоннинг атом энергетикасига жиддий ёндашувини намойиш этди, шунингдек, мамлакатда қурилиши кўзда тутилган кичик қувватли атом станциясини (КҚАС) инновацион лойиҳасига барчанинг эътиборини тортди.
Тадбир доирасида меморандумлар ва келишувлар имзолангани ҳақида хабар берар экан, Азим Ахмедхаджаев халқаро ҳамкорликнинг энергия хавфсизлигини таъминлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашда муҳим рол ўйнайдиган атом энергетикасини ривожлантириш аҳамиятига эътибор қаратди. У минтақада атом энергетикасининг ўсиши учун мустаҳкам пойдевор яратиб, иштирокчи давлатлар ўртасида фаол мулоқот ва қўшма лойиҳаларни давом эттиришга умид билдирди.
Ушбу халқаро конференция нафақат миллий ва халқаро экспертлар балки, бўлажак мутахассислар учун ҳам фикр алмашишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.






