Самарқанд шаҳрида “Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш истиқболлари: халқаро ва миллий тажриба” мавзусида Халқаро конференция бўлиб ўтади
2024-11-21 17:10:00 / Пресс-релизлар
2024-йил 5-декабрь куни кўҳна Самарқанд шаҳрида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш ва уни ривожлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланган Халқаро конференция бўлиб ўтади.
Тадбир атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишга оид асосий масалалар ва имкониятларни муҳокама қилиш, миллий ва халқаро даражадаги экспертлар ўртасида тажриба ҳамда билим алмашиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Конференция ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган конференция юқори даражадаги иштирокчилар, жумладан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Олий Мажлисининг вакиллари, илмий ҳамжамият, хусусий компаниялар ва давлат корхоналари ҳамда атом энергетикаси соҳасидаги барча экспертларни бир жойда йиғади.
Шунингдек, тадбирда Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ), Марказий ва Жанубий Осиё, Россия, Яқин Шарқ, Европа Иттифоқи ва АҚШ мамлакатларининг етакчи мутахассислари ҳамда ХАЭА ва Халқаро атом энергияси ассоциацияси (WNA) экспертлари иштирок этади.
Конференция мақсади
Бугунги кунда замонавий технологияларни ривожлантириш нуқтаи назаридан, кичик қувватли атом электр станциялари (КҚАС) қурилишини қонунчилик ва институционал тартибга солиш, эксплуатация хавфсизлиги ва атом энергиясидан турли соҳаларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган асосий масалаларни муҳокама қилиш кун тартибида долзарб мавзулардан биридир.
Конференция давомида иштирокчилари ўзаро тажриба ва билим алмашиш имкониятига эга бўлишади, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, атом саноатини қонуний тартибга солиш, ижтимоий, экологик ва хавфсизликнинг турли жиҳатлари, ядровий технологияларни тинч мақсадларда ривожлантириш, кадрлар тайёрлашга оид турли масалаларини кўриб чиқадилар.
Ушбу тадбир бешта панел сессияни ўз ичига олгқн бўлиб, уларнинг ҳар бири ядро энергетикасининг долзарб жиҳатларига қаратилгандир. Биринчи сессияда Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатларида (ИҲТ) атом энергиясидан фойдаланиш истиқболлари ўрганилиб, Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Иккинчи сессияда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишни қўллаб-қувватлаш, халқаро стандартлар ва талаблар асосида ядровий объектлар хавфсизлигини таъминлашда халқаро ташкилотлар, хусусан, ХАЭАнинг тутган ўрни ва роли муҳокама қилинади.
Ўтказиладиган муҳокамаларда ядро энергиясининг экологик ва ижтимоий жиҳатлари етакчи ўринни эгаллаши, ундан ташқари иштирокчилар атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишда ESG стандартлари ва БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари асосида ИҲТ мамлакатларида барқарор ривожланишга эришишга қандай ҳисса қўшиши мумкинлиги борасида фикр алмашадилар.
Бундан ташқари, атом энергетикасини барқарор ривожлантириш учун зарур бўлган инновациялар ва технологияларга, жумладан, атом энергиясидан тинч мақсадларда хавфсиз ва самарали фойдаланишнинг муҳим негизи бўлган таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги устувор йўналишларга эътибор қаратилади.
Тадбирнинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:
· Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ИҲТ мамлакатларида атом энергиясидан фойдаланиш истиқболларини таҳлил қилиш.
· Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишни қўллаб-қувватлаш ва халқаро стандартларга мувофиқ ядровий иншоотлар хавфсизлигини таъминлашда ХАЭА каби халқаро ташкилотларнинг ролини муҳокама қилиш.
· ИҲТ мамлакатларида барқарор ривожланишга эришиш учун атом энергиясидан фойдаланишнинг экологик ва ижтимоий жиҳатларини ўрганиш.
· Ядро технологияларини тинч мақсадларда жорий этиш, ривожлантиришни илмий- технологик тараққиёт ва янги технологик тартибга ўтишга кўмаклашувчи омил сифатида кўриб чиқиш;
· Таълим ва кадрлар тайёрлаш, шунингдек, атом энергетикасини ривожлантириш учун инновацияларни жорий этиш соҳасидаги устувор йўналишларни белгилаш.
Конференция ядро энергиясидан тинч мақсадларда хавфсиз ва самарали фойдаланишга қаратилган стратегияларни муҳокама қилиш ва ишлаб чиқиш учун муҳим платформа бўлиб, ўз навбатида ИҲТга аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишига ёрдам беради.
Ушбу тадбир иштирокчиларга атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишнинг муҳим жиҳатлари бўйича билимларини чуқурлаштириш ва тажриба алмашиш учун ноёб имконият яратади. У хавфсизликнинг юқори стандартлари, экологик масъулият ва иқтисодий мақсадга мувофиқлигига эътибор қаратган ҳолда мамлакатда атом энергетикасини муваффақиятли ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим ҳамкорлик майдонига айланади.
Шу нуқтаи назардан, ХАЭАнинг қўллаб-қувватлаши, жумладан, техник ёрдам кўрсатиш, норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва хавфсизликни баҳолаш алоҳида аҳамиятга эгадир. Етакчи мамлакатлар (Россия, АҚШ, Ғарбий Европа, Япония, Жанубий Корея, Хитой) тажрибаси ядро технологиялари илмий тараққиёт, рақамлаштириш ва иқтисодий ўсишга хизмат қилишини тасдиқлайди. Ўзбекистонда атом технологиялари, хусусан, ядро тиббиёти, изотоп ишлаб чиқариш, маълумотлар марказлари ва тадқиқот реакторларини ривожлантириш мамлакатнинг инновацион иқтисодиётга ўтишда ҳаракатлантирувчи кучга айланишига туртки бўлиши мумкин.
Шу билан биргаликда, конференция Ўзбекистоннинг халқаро тажрибани интеграциялаш ва илғор тажрибаларни жорий этишга тайёрлигини намойиш этади, бу эса атом саноати хавфсиз ва самарали ривожланишининг асосий негизидир.
ОАВ учун алоқа воситалари:
Ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги
Тел.рақами: +998 71 202 09 17, (97) 428 25 15
Эмайл: mediaconference@uzatom.uz
Конференциянинг расмий веб-сайти: https://conference.uzatom.uz/
Рўйхатдан ўтиш учун: https://conference.uzatom.uz/registration.html
Сана: 05.12.2024й. 9:30 дан 18:00 гача
Вақт: 09:00 дан иштирокчилар йиғилиши
Биз оммавий ахборот воситалари вакиллари ва барча тадбирда иштирок этиш истагида бўлганларни тинчлик мақсадларида атом энергиясининг келажаги ҳақидаги муҳим мулоқотда қатнашишга таклиф қиламиз
