Ўзбекистон жамоаси “Заковат формуласи” халқаро чемпионатининг кучли ўнталигига кирди
2024-10-30 16:50:00 / Атом технологиялари бўйича ахборот маркази (АТАМ)

"Заковат формуласи" чемпионати 8–11-синф ўқувчилари ўртасида “Нима? Қаерда? Қачон?" (НҚҚ) спорт ўйини қоидаларига мувофиқ тарзда ўтказилади. Лойиҳанинг асосий мақсади интеллектуал ўйинларни ёш авлод учун таълимнинг долзарб формати сифатида оммалаштиришдир. Жамоалар турли фанлар бўйича саволларга жавоб бериб, билимдонлик, ақл ва мантиқий фикрлаш имкониятларини намойиш этадилар.
Тошкентда мактаб ўқувчилари ўртасида “Заковат формуласи” интеллектуал ўйинлари чемпионатининг финал босқичи бўлиб ўтди. Ўзбекистондаги майдонда мактаб жамоаларини “Ўзатом” агентлиги директори Азим Исроилович Ахмедхаджаев ва “АтомСтройЭкспорт” коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Нина Анатолевна Дементсова кутиб олдилар. Финалда Ўзбекистон, Россия, Беларус ва Қозоғистондан 125 та жамоа онлайн тарзда ғолиблик учун кураш олиб борди ва Тошкент шаҳри жамоаси умумий рейтинг бўйича 6-ўринни эгаллади.
Ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари “Заковат формуласи”да 2022-йилдан буён иштирок этиб келмоқда. Бу йил республиканинг барча ҳудудларидан 94 та жамоа финал босқичида иштирок этиш учун беллашдилар. Натижада, чемпионат финалида мамлакат номидан саккизта мактаб гуруҳи иштирок этди. Ўзбекистоннинг энг яхши жамоаси халқаро турнир жадвалида олтинчи ўринни эгаллаган Тошкентнинг “Иқтидорлар академияси” деб топилди. Жамоа финалнинг дастлабки икки босқичида умумжамоа ҳисобида пешқадам бўлишга муваффақ бўлган бўлса, учинчи босқичда иштирокчилар Россия жамоаларига ўз позицияларини топширдилар.
Халқаро чемпионат финали турли хил эмоцияларга бой тарзда ўтди. "Иқтидорлар академияси" жамоаси аъзоси Солиха Адҳамова бўлиб ўтган ўйиндаги таассуротлари ҳақида гапирди: "– Бугун “Заковат формуласи” халқаро ўйинининг финалида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилдик. Бизнинг жамоамиз финал босқичида олтинчи, республика бўйича эса биринчи ўринни эгаллади. Ростини айтсам, биз бундан бироз хафа бўлдик. Натижа кўплаб омилларга, шу жумладан омадга ҳам боғлиқ экан. Бугун, бизга тўсқинлик қилган нарса, менимча, ўйинда ортиқча ҳиссиётга берилганимиздир деб ўйлайман. Шундай экан, биз ўз устимизда ишлашда давом этамиз. Биз албатта яна учрашамиз!"




