Агентлик ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Телекоммуникациялар соҳасида тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2025-йил 21-августдаги ПФ-142-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги ташкил этилган.
«Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Қонуннинг 9- ва 11-моддаларига мувофиқ, Рақамли технологиялар вазирлиги телекоммуникациялар соҳасидаги ваколатли давлат органи, Агентлик телекоммуникациялар соҳасини тартибга солувчи орган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 29-августдаги 550-сон қарори билан тасдиқланган.
Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
телекоммуникациялар соҳасидаги фаолият ва муносабатларни тартибга солиш;
юридик шахсларнинг телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятини литсензиялаш, рухсат бериш;
телекоммуникациялар тармоқларини ва телекоммуникациялар иншоотларини қуриш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш;
телекоммуникациялар хизматларининг айрим турлари, шунингдек, тармоқлараро уланишлар тарифларини тартибга солиш;
телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш тизимини ишлаб чиқиш ва телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш режаси бошқарувини амалга ошириш;
Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментининг манзил майдонидан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, домен номлари тизимини белгилаш;
телекоммуникациялар воситаларини мажбурий рақамли маркировкалаш;
универсал хизматлар рўйхатини ва уларнинг сифатига доир талабларни белгилаш;
операторлар ва провайдерларнинг фаолият кўрсатиши учун тенг ҳамда адолатли рақобат муҳитини таъминлашга кўмаклашиш;
телекоммуникациялар хизматлари бозорини эркин рақобат асосида шакллантириш ва ривожлантиришга кўмаклашиш;
фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, операторлар, провайдерлар ва фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар масалаларини кўриб чиқишда иштирок этиш;
Ўзбекистон телекоммуникациялар тармоқларининг мониторинг тизими орқали оператор ва провайдерлар томонидан кўрсатилаётган телекоммуникациялар хизматлари сифатини белгиланган талабларга мувофиқлигини мониторинг қилиш;
табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятларда ёки фавқулодда ҳолатда телекоммуникациялар инфратузилмаларидан устувор фойдаланиш ҳамда уларнинг фаолиятини тиклаш ва ривожлантиришга доир ишларни марказлаштирилган тарзда бошқариш, шунингдек, уларнинг ишлашини белгиланган тартибда чеклаш ёки тўхтатиб туриш;
тармоққа рухсатсиз уланишда ва трафикни ўтказишда ҳимоя чораларининг четлаб ўтилишини тегишли органлар билан биргаликда назорат қилиш.
