Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги ва ТАТУ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
2026-09-23 15:00:00 / Янгиликлар

CAEx биносида бўлиб ўтаётган ICTWEEK Uzbekistan 2026 халқаро ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандум телекоммуникациялар ва ахборот технологиялари соҳасида илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш, замонавий ёндашувларни жорий этиш ҳамда соҳа мутахассисларининг малакасини оширишга қаратилган.
Ҳамкорлик доирасида қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратилади:
🟢 телекоммуникация, IT ва мобил технологиялар хизматлари сифатини баҳолаш ҳамда телекоммуникация тармоқларини мониторинг қилиш;
🟢 хизматлар сифати, қамров даражаси, узлуксизлик, барқарорлик, тезлик, кечикиш, сигнал даражаси ва бошқа муҳим кўрсаткичларни ўлчаш методикаларини такомиллаштириш;
🟢 ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, ходимлар, профессор-ўқитувчилар ва соҳа мутахассислари иштирокида семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари, тренинглар, стажировкалар ҳамда малака ошириш тадбирларини ташкил этиш.
Мазкур ҳамкорлик телекоммуникация хизматлари сифатини янада ошириш, соҳада замонавий мониторинг ва баҳолаш механизмларини ривожлантириш, шунингдек, таълим ва амалиёт интеграциясини кучайтиришга хизмат қилади.


