Алкоголнинг бир томчиси ҳам зарар!
АХБОРОТ БЮЛЛЕТЕНИ
Алкоголнинг бир томчиси ҳам зарар!
АСОСИЙ МАЪЛУМОТЛАР
- Алкоголь ёки алкоголли ичимликлар таркибида қарамликни келтириб чиқарувчи руҳий фаол ва заҳарли модда - этанол мавжуд.
- Алкоголни истеъмол қилишнинг хавфсиз шакли ва даражаси йўқ. Уни энг кам миқдорда истеъмол қилиш ҳам муайян хавфлар билан боғлиқ бўлиб, зарар етказиши мумкин.
- 2019 йилда бутун дунёда алкоголни истеъмол қилишдан салкам 2,6 миллион киши вафот этган. Шундан, 1,6 миллион ўлим ҳолати юқумли бўлмаган касалликлар,
700 000 ҳолатлар - жароҳатлар билан ҳамда 300 000 ҳолатлар - юқумли касалликлар билан боғлиқ. - Алкоголь билан боғлиқ ўлим кўрсаткичи эркаклар орасида энг юқори бўлган: 2019 йилда бу 2 миллион ўлим ҳолатини ташкил қилган, аёллар орасида эса 600 000 ўлим ҳолати қайд этилган.
- Алкоголни истеъмол қилиш ёшларга салбий таъсир кўрсатади: 2019 йилда дунё бўйича алкоголь билан боғлиқ ўлимнинг энг юқори улуши (13 фоизи) 20–39 ёш гуруҳида қайд этилган.
- 2019 йилда алкоголь истеъмол қилиш эркаклар орасида барча ўлимнинг 6,7 фоизини, аёллар орасида барча ўлимнинг 2,4 фоизини ташкил этган.
- 400 миллион киши (ёки 15 ёш ва ундан катта дунё аҳолисининг 7 фоизи) алкоголь истеъмол қилиш билан боғлиқ касалликлардан азият чекади. Улардан 209 миллион киши (дунё бўйича катта ёшдаги аҳолининг 3,7 фоизи) алкоголга қарамликка чалинган.
- Гарчи алкоголни оз миқдорда истеъмол қилиш соғлиқ учун хавф туғдирсада, энг катта зарарни алкоголни онда-сонда (эпизодик) ёки мунтазам суиистеъмол қилганда етказади.
- Алкоголга қарши курашнинг самарали чоралари мавжуд бўлиб, янада кенгроқ кўламларда қўлланилиши керак, аммо бунда инсонлар алкоголь истеъмол қилиш билан боғлиқ хавфлар ҳақида билиши ҳамда унинг зарарли таъсиридан мустақил ҳимояланиши керак.[[1],[2]]
Маҳсулот тури эмас, унинг таркибидаги алкоголь зарарли. Алкоголь ёки алкоголли ичимликлар таркибидаги руҳий фаол ва заҳарли бўлган этил спирти қарамлик келтириб чиқаради.
Саратонни ўрганиш бўйича халқаро агентлик (МАИР) алкоголни канцероген (саратон касаллигини келтириб чиқарувчи) моддаларнинг 1- гуруҳига киритган. Бу гуруҳга энг хавфли омиллар – тамаки, асбест, радиация киради.
Алкоголь инсон организмида моддалар парчаланиши билан боғлиқ биологик жараёнлар орқали ракни келтириб чиқаради. Бу хусусият унинг қандай турига (кам қувватли ёки кучли) ва сифатига боғлиқ эмас.
Европа минтақасида алкоголни истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган саратон касаллигининг ярми алкоголни “озгина” ёки “ўртача” миқдорда истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган.[2]
Соғлиқ учун зарар алкоголнинг биринчи томчисиданоқ бошланади. Алкоголнинг соғлиқ учун хавфсиз даражаси мавжуд эмас. Алкоголнинг қанча ёки унинг қайси турини (кам қувватли ёки кучли) истеъмол қилишнинг аҳамияти йўқ: соғлиқ учун зарар алкоголнинг биринчи томчисиданоқ бошланади.[2]
Алкоголни “озгина” ёки “ўртача” миқдорда истеъмол қилиш билан боғлиқ юрак-томир касалликлари ва қандли диабет 2 тури камайишининг фойдаси худди шундай миқдордаги алкоголь истеъмол қилиш билан боғлиқ саратон касалликлари ривожланиш хавфидан кўра устунлигини исботланган маълумотлар йўқ.[2]
Алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилиш даражаси. 2010-2019 йиллар мобайнида алкоголни истеъмол қилиш даражаси дунё бўйича аҳоли жон бошига (15 ва ундан катта ёшдаги) нисбатан бир оз камайган (2010 йилда 6,1 литрдан 2019 йилда 5,8 литргача тоза спирт ҳисобида). ЖССТнинг Европа минтақасида алкоголь истеъмолининг энг кўп - 12% га (10,8 литрдан 9,5 литргача тоза спирт ҳисобида) камайиши кузатилди.[[3]]
ЖССТнинг Европа минтақаси мамлакатлари орасида Ўзбекистон (15 ва ундан катта ёшдаги аҳоли жон бошига 2,6 литр тоза спирт ҳисобида) Тожикистон (15 ва ундан катта ёшдаги аҳоли жон бошига 0,9 литр тоза спирт ҳисобида), Туркия (15 ва ундан катта ёшдаги аҳоли жон бошига 1,8 литр тоза спирт ҳисобида), Озарбайжондан (15 ва ундан катта ёшдаги аҳоли жон бошига 2,0 литр тоза спирт ҳисобида) кейин алкоголни энг кам истеъмол қиладиган тўртинчи мамлакат сирасига киради.[[4]] Шу билан бирга, 2010-2019 йилларда Ўзбекистонда алкоголни истеъмол қилиш даражаси аҳоли жон бошига (15 ва ундан катта ёшдаги) нисбатан 44% га (1,8 литрдан 2,6 литргача тоза спирт ҳисобида) кўпайган.[[5]]
2019 йилда ўтказилган текширув натижасида мамлакатимиз катта ёшдаги (18-69 ёш) аҳолисининг 4,7 фоизи, эркакларнинг 8,7 фоизи (ҳар 11 нафардан 1 нафари), аёлларнинг 0,8 фоизи (аёллар ҳар доим ҳам алкоголь истеъмол қилишларини тан олавермайдилар) алкоголь истеъмол қилиши аниқланди. Бунда алкоголь истеъмол қиладиган 45-69 ёшдаги эркакларнинг улуши (13,6 фоиз) 18-29 ёшдаги эркакларга (4,4 фоиз) нисбатан 3 баробар кўплиги қайд этилди. Шунингдек, аҳолининг аксарият қисми (82,4 фоиз) - эркакларнинг 69,1 фоизи, аёлларнинг - 95,2 фоизи бутун ҳаёти давомида алкоголни истеъмол қилмаганлиги аниқланди.[[6]]
Алкоголь истеъмол қилинишининг аҳоли саломатлигига таъсири. Алкоголь истеъмол қилиш 200 дан ортиқ касалликлар, жароҳатлар ҳамда соғлиқнинг бошқа бузилишларига сабабчи бўлади. Руҳий ва хулқ-атвор бузилишлари (депрессия, безовталик), алкоголга қарамлик, оғир юқумли бўлмаган касалликлар, шу жумладан жигар циррози, саратоннинг камида етти хил тури, шу жумладан энг кўп тарқалган йўғон ичак, кўкрак бези саратони, юрак-томир касалликлари каби соғлиқ билан боғлиқ муаммоларнинг ривожланиш хавфи алкоголь истеъмол қилиш билан боғлиқ.[1]
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг баҳолашига кўра, 2019 йилда дунё бўйича:
юрак-томир касалликларидан 474 минг та ўлим ҳолати;
саратондан 401 минг ўлим ҳолати ва аниқланган саратоннинг 4,4 фоизи айнан алкоголь истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган.
Алкоголь истеъмол қилиш билан билан боғлиқ ўлим кўрсаткичлари сил, ОИТС ва қандли диабет каби касалликлари туфайли ўлим кўрсаткичларидан кўра кўпроқ. [1] Алкоголни истеъмол қилиш билан сил ва ОИВ каби юқумли касалликлар кечиши ўртасида сабаб-оқибат алоқаси аниқланган.[1]
Бундан ташқари, алкоголь истеъмол қилиш нафақат уни истеъмол қилаётган одамга, балки унинг атрофидагиларга ҳам катта зарар етказади. Алкоголь билан боғлиқ касалликлар юкининг салмоқли қисми жароҳатланиш, масалан, йўл-транспорт ҳодисалари натижасида юзага келади.
2019 йилда дунё бўйича алкоголь истеъмол қилиш билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисасининг 298 минг ўлимдан 156 минг ўлим бошқа бирорта шахс томонидан алкоголь истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган.[1]
Ҳомиладорлик даврида алкоголь истеъмол қилиш боланинг алкоголь спектридаги фетал бузилишлар билан туғилиши хавфини оширади, уларнинг энг оғири феталь алкоголь синдроми - жисмоний ва асаб-руҳий ривожланишда қолоқлик, ақлий заифлик, туғма юрак нуқсонлар, скелетнинг нотўғри ривожланиши каби бузилишлар билан боғлиқ.
Узоқ муддатли истиқболда алкоголь истеъмол қилиш ижтимоий муаммоларга, шу жумладан оилавий низолар, ишдаги муаммолар, молиявий қийинчиликлар ва ишсизликка олиб келиши мумкин.
Ўзбекистонда алкоголь истеъмоли билан боғлиқ барвақт ўлим кўпроқ эркаклар орасида учрайди, чунки улар орасида аёлларга нисбатан алкоголни истеъмол қилиш қўлами бир неча баробар кўп. Хусусан, жигар ва жигар ичи ўт йўллари хавфли ўсмалари келтириб чиқарган ўлим ҳолатлари 30-69 ёшдаги эркакларда шу ёшдаги аёлларга нисбатан ўртача 1,6 марта, алкоголь сабабли жигар касаллиги келтириб чиқарган ўлим ҳолати эса ўртача 5 мартадан кўпроқ юз берган.[[7]]
Бу маълумотлар алкоголь истеъмол қилиш аҳоли саломатлигига жиддий салбий таъсир кўрсатишидан далолат беради, бу эса касаллик ва ногиронликлар, барвақт ўлимлар сонининг ортишида акс этади.
Бошқа оқибатлар. Аҳоли саломатлигига таъсир кўрсатишдан ташқари алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш бошқа оқибатларга ҳам олиб келади.
2016 йилда Европа Иттифоқи мамлакатларида йўл-транспорт ҳодисалари келтириб чиқарган ўлим ҳолатларининг 42 фоизи ва жароҳатлар туфайли юз берган ўлим ҳолатларининг 23 фоизи алкоголь билан боғлиқ бўлган. Бунда 15 ёшдан 19 ёшгача бўлган одамлар орасида шу даврда юз берган ўлим ҳолатларининг ҳар бешинчисининг сабабчиси алкоголь истеъмол қилиш билан боғлиқ.[[8]]
2021 йилда республикамизда йўл-транспорт ҳодисаларининг 1,3 фоизи (135 та) маст ҳолатда юз берган ва натижада 63 нафар одам барвақт ҳаётдан кўз юмган
ва 119 нафар одам турли оғирликдаги жароҳатлар олган.[[9]]
Бундан ташқари, 2021 йилда маст ҳолатда 85 та ёнғин содир этилган. Бунинг оқибатида 7 нафар одам ҳаётдан барвақт кўз юмган ва 8 нафар одам турли оғирликдаги тан жароҳатини олган, 1 млрд 671 млн сўм зарар кўрилган.[[10]]
Иқтисодиётга таъсири. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг иқтисодий баҳолашига кўра, 2016 йилда Ўзбекистоннинг юқумли бўлмаган касалликларни даволаш учун харажатлари (2,1 трлн.сўм) фақат айсбергнинг чўққиси эканлигини кўрсатди: меҳнат унумдорлигининг пасайиши, вақтинча меҳнатга лаёқатсизликдан йўқотишлар, ишда юзаки иштирок этиш ва барвақт ўлим билан боғлиқ бўлган яширин йўқотишлар юқоридаги харажатлардан 3,5 марта ортиқ ва 7,3 трлн сўмни ташкил қилади. Умуман олганда, юқумли бўлмаган касалликларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига келтираётган умумий зарари 9,3 трлн сўмни ташкил қилади, бу эса мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 4,7 фоизига тенг.[[11]]
Агар маст ҳолатда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари, ёнғинлар
ва жароҳатлар, ушбу фалокатлар туфайли юз берган барвақт ўлимларнинг иқтисодий зарари, уй хўжаликларининг алкоголь ва тамаки сотиб олишга харажатлари каби кўрсаткичларни ҳисобга олиш имкониятига эга бўлганида эди, юқоридаги рақамлар анча юқори бўлар эди.
Ижтимоий-иқтисодий фойда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг баҳолашига кўра, Ўзбекистонда алкоголь истеъмол қилишни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар иқтисодий фойдали ҳисобланади. Бунда сармоя қилинган ҳар бир сўм учун 15 йиллик даврда 1,9 сўм фойда келади. [11]
Ҳар қандай шароитда ҳам алкоголь истеъмолини камайтириш бўйича янада кескинроқ чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида олинадиган фойда иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан манфаатли.
Алкоголь истеъмол қилинишини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни фаоллаштиришга даъватлар. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21февралдаги 83-сон қарори билан тасдиқланган “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар”да:
- 2030 йилгача аҳоли ўртасида юрак-томир, онкологик, қандли диабет ва сурункали респиратор касалликлар туфайли бевақт ўлимни 30 фоизга қисқартириш (3.4-вазифа);
- алкоголнинг зарарли истеъмол қилинишини 10 фоизга камайтириш (3.5-вазифа) каби мақсадлар белгиланган.[[12]]
Бу мақсадларга эришиш учун эса Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари ва илғор жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда янада кескинроқ чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.
Алкоголь истеъмолини камайтириш стратегияси
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамкорлар билан SAFER ташаббусини амалга оширмоқда. SAFER ташаббуси ҳукуматларга алкоголь истеъмолини қисқартириш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун илмий асосланган аниқ комплекс чора-тадбирларни жорий этиш йўли билан ушбу муаммони ҳал қилиш мумкинглигини кўрсатди.[[13]]
SAFER қуйидагиларни англатади:
- Strengthen - Алкоголь харид қилиш имкониятини чеклаш.
- Advance - Маст ҳолатда автомобиль ҳайдашга қарши курашиш чораларини илгари суриш ва қўллаш.
- Facilitate - Скрининг, қисқа аралашувлар ва даволаниш имкониятини кенгайтириш.
- Enforce - Алкоголь рекламаси, унга ҳомийлик ва тарғиб қилишни тақиқлаш ва кенг қамровли чекловларни қўллаш.
- Raise - Акцизлар ва нарх сиёсати ёрдамида алкоголь нархларини ошириш.[[14]]
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
[1] Алкоголь. Информационный бюллетень ВОЗ. Основные факты. 28 июня 2024 г. https://www.who.int/ru/news-room/fact-sheets/detail/alcohol.
[2] Безопасного для здоровья уровня употребления алкоголя не существует. 4 января 2023 г. Европейский региональное бюро ВОЗ. https://www.who.int/europe/ru/news/item/04-01-2023-no-level-of-alcohol-consumption-is-safe-for-our-health.
[3] Ускорение мер по сокращению вредного употребления алкоголя. Семьдесят первая сессия Европейского регионального комитета (EUR/RC71/INF./6(E). 31 августа 2021 г. https://apps.who.int/iris/bitstream/handle/10665/344587/71id06r-E-Alcohol-210920.pdf?sequence=1&isAllowed=y
[4]Алкоголь, здоровье и ответные меры политики в Европейском регионе ВОЗ. Всемирная организация здравоохранения, 15 октября 2024 г. https://www.who.int/europe/ru/publications/m/item/alcohol--health-and-policy-response-in-the-who-european-region-in-2019.
[5] Европейская экономическая комиссия ООН. Панель данных ЦУР. https://w3.unece.org/SDG/ru/Indicator?id=101
[6] Проект «Совершенствование системы здравоохранения (Здоровье-3)» Министерства здравоохранения и Всемирного банка, Всемирная организация здравоохранения, 2022 г. «Распространенность факторов риска неинфекционных заболеваний в Республике Узбекистан» (STEPS ВОЗ, 2019 г.). Ташкент, Узбекистан. https://ssv.uz/ru/documentation/rasprostranennost-faktorov-riska-neinfektsionnyh-zabolevanij-v-respublike-uzbekistan.
[7] Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотлари асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳисоб-китоблари (2018 й.07.10.даги 01/2-02-17/2-185-сонли хат).
[8] Alcohol consumption, harm and policy response fact sheets for 30 European countries. World Health Organization 2018. http://www.euro.who.int/__data/assets/pdf_file/0005/393107/achp-fs-eng.pdf?ua=1.
[9] Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (2022 йил 29 августдаги хат).
[10] Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (2022 йил 8 сентябрдаги хат).
[11] Профилактика неинфекционных заболеваний и борьба с ними в Узбекистане. Аргументы в пользу инвестирования. Подготовлено для Министерства здравоохранения Узбекистана Европейским региональным бюро ВОЗ и Программой развития ООН. ВОЗ 2018 г. https://apps.who.int/iris/handle/10665/362355.
[12] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 83-сон «2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори. https://lex.uz/docs/5870397
[13] Глобальный план действий по борьбе с алкоголем на 2022-2030 годы. Всемирная организация здравоохранения, 2024 г. https://www.who.int/ru/publications/i/item/9789240090101.
[14] Инициатива SAFER: сделать Европейский регион ВОЗ более безопасным. Успехи в реализации политики в отношении контроля над алкогольной продукцией, 2010–2019 гг. Всемирная организация здравоохранения. Европейское региональное бюро, 2021. https://iris.who.int/handle/10665/340776.
Қўшимча маълумот учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Соғлиқни сақлаш ва стратегик ривожланиш институтига мурожаат қилинг, тел. 78-150-84-04.
август 2025 йил.
