Тадбиркорлар ва сармоядорлар диққатига!
29 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ДХШ давра суҳбатида дастлаб эълон қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент тиббиёт академияси ҳудудининг 9,8 гектар бўш майдонида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қарийб 1 200 ўринли “Кўп тармоқли замонавий тиббиёт маркази”ни қуриш ва бошқариш лойиҳаси (кейинги ўринларда – Лойиҳа)ни амалга оширишни режалаштирмоқда.
Ушбу тиббиёт маркази лойиҳаси энг яхши жахон стандартлари асосида ишлаб чиқилиб, Ўзбекистондаги даволаш-соғломлаштириш марказлари учун намуна бўлиши режалаштирилган.
Шунингдек, лойиҳанинг асосий мақсади ихчам, бироқ айни пайтда даволаш ва диагностика инфратузилмаси жиҳатидан тўлиқ ишлайдиган, тиббий кластерни шакллантиришда марказий бўғин ролини бажара оладиган тиббиёт муассасасини яратишдан иборат.
Шу билан бирга ИТ-тармоқ инфратузилмасини энг янги технологиялар ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар (МРТ, КТ, ангиография, рақамли рентгенография, УЗД, маммограф, денсинометрия аппарати ва бошқалар), ёрдамчи ускуналар (кир ювиш ва ошхона учун) ва дастурий таъминот билан таъминлаш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тадбиркорларнинг Лойиҳани амалга ошириш юзасидан таклифларини кўриб чиқиб, давлат хусусий шериклик асосида ҳамкорлик қилишга таклиф этади.
Хусусий шерик мамлакатдаги ўсиб бораётган бозордан манфаат кўради ҳамда мамлакатда амалга ошириладиган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларидан бирида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Лойиҳа юзасидан хусусий шерикни танлаш Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 16 апрелдаги ПҚ–4290-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 2020 йил 26 апрелдаги 259-сон қарори талабларига биноан амалга оширилади.
Лойиҳанинг амалга оширилишидан манфаатдорлиги ва салоҳияти тўғрисида маълум қилиш таклифи давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этиладиган кўп тармоқли замонавий тиббиёт марказининг қисқача тавсифи билан қуйидаги электрон почта манзилларига 2024 йил 7 июнга қадар юборилиши лозим.
Қизиқиш билдириш учун сўров ва таклифлар қуйидаги манзилларда қабул қилинади:
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Электрон почта манзили: samandar.abduqayumov@ssv.uz
Телефон рақами: +998 71 203-15-19.
