Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги кадрларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича миллий мулоқот бўлиб ўтди
2025-09-26 11:25:00 / Янгиликлар

Мазкур тадбир ЖССТ ва миллий ҳамкорлар томонидан амалга оширилган учта лойиҳа натижаларини тақдим этиш, шунингдек, кейинги босқичдаги стратегик йўналишларни муҳокама қилиш учун платформа бўлиб хизмат қилди. Унда кадр ресурслари бўйича халқаро экспертлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, олимлар, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда халқаро ривожланиш ҳамкорлари иштирок этдилар.
ЖССТ Европа минтақаси учун 2023 – 2030 йилларга мўлжалланган соғлиқни сақлаш ва парвариш кадрларига оид “Ҳаракатлар дастури” 53 та аъзо давлат, шу жумладан Ўзбекистон томонидан қабул қилинган бўлиб, соғлиқни сақлаш тизими учун кадрлар сиёсати ва режалаштиришни глобал соғлиқни сақлаш мақсадларига мувофиқ такомиллаштириш йўналишларини белгилайди.
Тадбирни Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Элмира Баситханова очиб берди. У ўз нутқида шундай деди:
“Кучли ва мотивацияга эга тиббиёт ходимлари бу соғлиқни сақлашдаги ислоҳотларининг асосидир. Бизда ҳозир вазиятни таҳлил қилиш ва кейинги чораларни белгилаш учун ишончли маълумотлар мавжуд. ЖССТ кўмаги билан ишлаб чиқилган тадқиқотлар ва воситалар адолатли, мослашувчан ва келажакдаги чақириқларга тайёр кадрлар бошқаруви тизимини яратишга ёрдам беради.”
Икки кунлик мулоқот давомида иштирокчилар гендер тенглиги нуқтаи назаридан кадрлар бошқаруви, кадрларни таъминлаш ва ушлаб қолиш, ҳамда рақамли маълумотлар бошқаруви масалаларини муҳокама қилдилар. Сессиялар давомида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЖССТ ва Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази соҳадаги меҳнат бозори таҳлили (HLMA) натижаларини ва уларнинг сиёсатга таъсирини тақдим этди. UZINFOCOM ягона интегратор HRM Argos/DMED тизимини тақдим этди ҳамда HRHIS интеграцияси бўйича таклифлар билдирди. ЖССТ 2030 йилгача оилавий шифокорлар ва ҳамширалар бўйича прогнозлаш ва режалаштириш сессияларини ўтказди.
Панел муҳокамаларда кадрларни ушлаб қолиш механизмлари, таълим сифатини ошириш, маълумотлар бўйича бўшлиқларни бартараф этиш ва гендер таҳлилини кадрлар сиёсатига интеграция қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Учта лойиҳа натижалари
1-лойиҳа: Ўзбекистон тарихида биринчи марта соғлиқни сақлаш соҳасида меҳнат бозори таҳлили (HLMA)
Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги илк бор Меҳнат бозори таҳлили (Health Labour Market Analysis, HLMA) натижалари ва тавсиялари тақдим этилди ҳамда муҳокама қилинди, бунда гендер масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
ЖССТ методологияси асосида соғлиқни сақлаш тизимида кадрларнинг мавжудлиги, тақсимланиши, тайёрланиши ва уларни ушлаб қолиш ҳолатини ўрганишга қаратилган тадқиқот ўтказилди. Тадқиқот миллий манфаатдор томонлар томонидан илгари сурилган аниқ масалаларни инобатга олган ҳолда шакллантирилди.
Асосий хулосалар:
• Кадрлар нотекис тақсимланган: Тошкент шаҳридаврачлар сони бо;йича энг катта кўрсаткич, энг паст кўрсаткич эса Сурхондарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида.
• Хусусий секторга оқим ошиб бормоқда, бу эса давлат тизимидаги кадрлар етишмовчилигини кучайтиради.
• Ҳамширалар ва шифокорлар нисбати умуман олганда мақбул, бироқ Тошкент шаҳрида ҳамшираларнинг танқислиги мавжуд.
• Пенсия ёшидаги шифокорлар улуши меҳнат стажи 5 йилдан кам бўлган ёш мутахассислардан кўпроқ бўлиб, бу ҳолат Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Навоий вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда кузатилади.
• Бўш иш ўринлари 4% дан 24% гача, бу эса кадрларни ёллаш ва ушлаб қолишдаги муаммоларни кўрсатади.
2020 йилдан буён тиббиёт олийгоҳларига қабул 500% га ошган, бу эса ўқув жараёни сифати ва профессор-ўқитувчилар салоҳиятига таъсир қилиши мумкин. Шунингдек, ёш, миграция, битирувчилар ва хусусий сектор ходимлари бўйича маълумотларнинг тўлиқ эмаслиги кадрлар сиёсатини самарали режалаштиришни чеклайди.
2-лойиҳа: Соғлиқни сақлаш кадрларини бошқариш ахборот тизими (HR HIS - Human Resources for Health Information System)
Ўзбекистонда HR HIS тизимининг комплекс баҳоланиши кадрлар ҳақидаги маълумотларни йиғиш, тизимларни интеграция қилиш, стандартлаштириш ва бошқарувни такомиллаштириш бўйича асосий имкониятларни аниқлади.
Ушбу хулосалар асосида HR HISни ривожлантириш бўйича миллий “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. У тизимнинг функционаллигини ошириш, турли электрон платформалар билан мослигини таъминлаш ва стратегик қўлланишини кучайтиришга қаратилган.
Кейинги босқичларда маълумотлар архитектурасини яратиш ҳамда халқаро стандартлар (ISCO-8)га мувофиқ соғлиқни сақлаш кадрларига оид ягона кўрсаткичлар ва стандартлаштирилган классификаторларни жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилди.
3-лойиҳа: Соғлиқни сақлаш кадрларини прогнозлаш ва режалаштириш
ЖССТ томонидан ишлаб чиқилган моделлаштириш воситаси ёрдамида 2030 йилгача бўлган давр учун соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёжлари асосида кадрлар прогнози тузилди. Ушбу таҳлилда қуйидаги кўрсаткичлар ҳисобга олинди: кадрлар билан таъминланганлик даражаси, таълим муассасаларига қабул ва битирувчилар сони, шунингдек туғилиш даражаси, умр давомийлигининг ортиши, касалланиш ҳолатлари ва бошқа демографик омиллар.
Бу прогнозлар соғлиқни сақлаш тизими учун асосли маълумотлар базасини яратади ҳамда кадрларни ёллаш стратегиясини аниқлаштириш, таълим квоталарини режалаштириш ва мутахассисларни ҳудудлар бўйича адолатли тақсимлаш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
“Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида гендерга сезгир кадрлар сиёсатини илгари суриш мақсадида меҳнат бозори тадқиқотларига гендер таҳлилини интеграция қилиш” ташаббуси доирасида учта лойиҳа амалга оширилди. Лойиҳа “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” Лойиҳа офиси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ЖССТнинг техник кўмагида олиб борилди. Молиялаштириш Bloomberg Philanthropies жамғармасининг Vital Strategies “Соғлиқ учун маълумотлар” ташаббуси томонидан таъминланди.
"Тақдим этилган учта лойиҳанинг натижалари соғлиқни сақлаш тизимининг кадрлар ресурсларини бошқаришнинг ягона интеграциялашган миллий платформасини яратиш йўлидаги дастлабки қадамдир. Бу платформа ҳаёт давомида ходимларнинг карьера борасида ўсиш ҳолатини кузатиб бориш имконини беради. Сифатли маълумотларни йиғиш, ўз вақтида таҳлил қилиш ва ҳисоботларни автоматлаштириш орқали демографик ўзгаришлар, касалланиш даражаси ва ҳудуднинг географик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда кадрларга бўлган эҳтиёжни моделлаштириш ва режалаштириш мумкин бўлади," - дея таъкидлади лойиҳалар раҳбари, Д-р. Проф. Евгения Шалаева, "Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази" Лойиҳа офиси тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва илм-фанни ривожлантириш йўналишдаги ислоҳотлар билан ишлаш гуруҳи раҳбари.
ЖССТнинг асосий тавсиялари
ЖССТ соғлиқни сақлаш кадрларини ривожлантириш бўйича кейинги ислоҳотлар босқичининг устувор йўналишларини аниқлашга ёрдам берувчи асосий тавсиялар тўпламини тақдим этди:
• Оилавий тиббиёт:
Қишлоқ ҳудудлари талабаларига стипендияларни ўз ичига олган уч йиллик оилавий тиббиёт резидентура дастурини жорий этиш; шунингдек, амалдаги оилавий шифокорлар ва тор соҳа мутахассислари учун олти ойлик вақтинчалик “кўприк” (bridge) курсини ишга тушириш. Ушбу курс кейинчалик тўлиқ резидентура дастури билан алмаштирилади. Оилавий шифокорларнинг ваколат ва амалиёт доирасини кенгайтириш, уларни юқумли ва юқумсиз касалликларни бошқариш воситалари билан таъминлаш.
• Ҳамширалик иши ва акушерлик:
Ҳамширалик бакалавриат дастурларини кенгайтириш, амалдаги ҳамширалар учун малака ошириш (“кўприк”) курсларини ишлаб чиқиш, кенгайтирилган ҳамширалик амалиёти режасини тайёрлаш, шунингдек акушерлик бўйича олий таълимни халқаро стандартларга мувофиқ жорий этиш.
• Мотивация ва кадрларни ушлаб қолиш:
Қишлоқ жойларда ишловчи шифокор ва ҳамшираларни рағбатлантириш учун молиявий ва номолиявий механизмларни жорий этиш, жумладан қишлоқ ҳудудларидан чиққан талабалар учун стипендиялар, уй-жой билан таъминлаш ва касбий ўсиш имкониятларини яратиш.
• Кадрларни бошқариш:
Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибида Соғлиқни сақлаш кадрларини кузатиш обсерваториясини ташкил этиш - бу тузилма маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш, режалаштириш, прогнозлаш, тартибга солиш ва қарорлар қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштиради. Шунингдек, соғлиқни сақлаш кадрларига оид тармоқлараро ишчи гуруҳни ташкил этиш таклиф этилди.
• Рақамли кадрлар бошқаруви тизими:
ЖССТнинг Миллий соғлиқни сақлаш кадрлар ҳисоби (National Health Workforce Accounts, NHWA) тизимига мос келувчи, “давлат ва хусусий сектор маълумотларини ўз ичига олган ягона интеграциялашган ахборот тизими (HRHIS)”ни яратиш. Бу тизим соғлиқни сақлаш кадрларини аниқ маълумотларга асосланган ҳолда режалаштириш имконини беради.
• Тартибга солиш ва касбий ривожланиш:
Лавозим йўриқномалари, лицензиялаш тизимлари ва стандарт операцион протоколларни янги функциялар ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ янгилаш.
“Яхши тайёрланган, мотивацияланган ва адолатли тақсимланган кадрлар — барқарор ва самарали соғлиқни сақлаш тизимининг пойдевори,” — деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ашина Халакдина. — Биз ҳукуматнинг соғлиқни сақлаш кадрларини мустаҳкамлашни устувор йўналиш сифатида белгилаганини ва қарорларини маълумот ва далилларга асослаб қабул қилаётганини юқори баҳолаймиз. Ишончли маълумотлар, стратегик режалаштириш ва инклюзив мулоқот — самарали кадрлар сиёсатининг асоси ҳисобланади. ЖССТ илмий асосланган ечимларни жорий этишда ишончли ҳамкор бўлиб қолади”.
Кейинги қадамлар
Иштирокчилар ушбу тавсияларни аниқ амалий ҳаракатларга йўналтиришга содиқликларини тасдиқладилар. Яқин муддатдаги устувор йўналишлар қуйидагилардан иборат:
• Соғлиқни сақлаш кадрларини ривожлантириш бўйича йўл харитаси ҳамда HR HIS маълумотлар архитектурасини 2026 йилнинг ярмига қадар якунлаш;
• Оилавий тиббиёт ва ҳамширалик таълими дастурларини кенгайтириш, шу жумладан “кўприк” қайта тайёрлов курсларини жорий этиш;
• Соғлиқни сақлаш кадрларининг миллий реестрини яратиш;
• Ягона интеграциялашган кадрлар бошқаруви тизимини ишлаб чиқиш;
• ЖССТ ва ҳамкорлар техник кўмагида 2026 йилгача ислоҳотларни давом эттириш, шу жумладан стратегик режалаштириш ва прогнозлаш бўйича миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш.
Кутилишича, ушбу ислоҳотлар айниқса қишлоқ ва олис ҳудудларда тиббий хизмат сифати ошишига, шунингдек, Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш кадрларини янада самарали ва адолатли тақсимлаш имкониятини яратишига хизмат қилади.








