Мутахассис: Ҳар килограмм ортиқча вазн — юрак учун жиддий хавф
2025-08-27 14:50:00 / Янгиликлар

Бу эса кўплаб касалликларни келтириб чиқарувчи омилдир. Танада ортиқча ёғ тўпланиши, айниқса, юрак фаолияти учун жуда зарарли.
— Ҳар бир ҳужайра учун кислород ва озуқа зарур, — дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази маслаҳат поликлиникаси мудири Ойбек Ўринов. — Шунинг ҳисобидан организмда қон айланиши яхшиланади. Юрак меъёрида уриб, тана бўйлаб етарли миқдорда қон ҳайдайди.
Бундай вазиятда доимий зўриқиш юрак мушакларини толиқтиради. Оқибатда унинг ҳажми катталашади. Кўпинча “асосий насос” вазифасини ўтовчи чап қоринча азият чекади ва унинг гипертрофияси бошланади.
Одатда, қоринча кенгайиши бирдан нохуш аломатларга олиб келмаса-да, вақт ўтиши билан у қонни самарали ҳайдаш қобилиятини йўқотади. Натижада юрак етишмовчилиги хавфи ортади.
Ушбу аъзо атрофида ва ичида ҳосил бўлган ёғ ўзидан миокард яллиғланишига олиб келувчи моддалар ажратади. Оқибатда аритмия (юракнинг қисқариш ритмининг бузилиши) эҳтимоли юзага келади.
Шунингдек, ёғ тўқималари қон томирларини торайтириш ва организмда натрий сақлаш хусусиятига эга моддаларни ишлаб чиқаради. Бу эса қон босимини ошириб, гипертензия ривожланишига туртки бўлади.
Бундан ташқари, семириб кетган одамларда кўпинча холестерин ва триглицерид миқдори кўпайиб, артерияларнинг ички деворларида тиқинлар ҳосил қилади, қон томирларини торайтиради.
Қолаверса, семизлик натижасида юракда кислород етишмаслиги (ишемия) юзага келади. Бу ҳолат инфаркт, стенокардия ва бошқа жиддий хасталикларга олиб келиши мумкин.
Яна бир факт: семиз одамларда инсулинга нисбатан сезгирлик камаяди. Мазкур ҳолат қандли диабетнинг 2-тури пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бу эса юрак-қон томир касалликларининг ривожланишини тезлаштиради.
Шуни унутмаслик керакки, тана вазнининг, ҳатто, 5-10 фоизга камайиши ҳам юрак-қон томир тизимидаги зўриқишни сезиларли даражада пасайтиради ва саломатликни яхшилайди.
Чунки семизлик — фақат эстетик муаммо эмас. У юрак ва бутун қон айланиш тизими учун жиддий хавф манбаидир. Вазнни назорат қилиш, соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик бундай хасталикларнинг олдини олишда муҳим роль ўйнайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
