ССВ: Тизимда коррупциявий ҳолатларга қарши кескин чоралар кўрилмоқда
2025-08-21 12:15:00 / Янгиликлар

Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида тегишли ҳужжат ва дастурлар қабул қилиниб, янги вертикал тизим йўлга қўйилди. Муҳими, соҳада коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим ва муҳит яратилмоқда.
Вазирликнинг Коррупцияга қарши ички назорат бўлими шу каби ноқонуний хатти-ҳаракатларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган тадбирларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда амалга ошириб келяпти.
Мисол сифатида фуқаро Г.М.нинг қилмишини келтириш мумкин. У телеграм ижтимоий тармоғи орқали Тошкент шаҳридаги туман тиббиёт бирлашмаларида ишлаётган “ишончли” танишлари ёрдамида пойтахтдаги ҳар қандай шифохонага 1,5 – 2 млн. сўм эвазига даволаниш учун имтиёзли йўлланма (ордер) тайёрлаб беришини мунтазам эълон қилиб келган.
Ҳолат бўйича вазирликнинг Коррупцияга қарши ички назорат бўлими томонидан жорий йил 12 августда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида назорат тадбири ўтказилиб, ушбу фуқаро, унинг шериклари ва бир неча тиббиёт ходимлари қўлга олинди.
Ўрганиш жараёнида Г.М.нинг шериги, фуқаро М.Қ.нинг ёнида М.Г.га тегишли йўлланма борлиги аниқланган. Айни чоғда Ибн Сино номли 1-сон шаҳар клиник шифохонасида даволаниш учун бериладиган ордерлар ҳам топилган.
Йўлланмани расмийлаштириш мақсадида лаборатор ва инструментал таҳлил ва бемор тиббий картасидан кўчирмаларга Шайхонтоҳур туманидаги оилавий поликлиникаларнинг бирида ишлаётган шифокорларнинг имзоси ва муассаса муҳри қўйилган.
Ҳолат юзасидан ўтказилаётган терговга қадар текширувлар давомида пойтахтимиздаги оилавий поликлиника ва бошқа муассасалар масъул шахсларидан ҳамда тиббиёт ходимларидан тушунтириш хатлари олинган.
Ҳозирги пайтда мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан жиноят иши қўзғатиш ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Шундай қилиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли коррупциявий ҳолатларга чек қўйилди.
Кези келганда юртдошларимизни бундай ёлғон ҳамда сохта хабарларга ишониб қолмасликка чақирмоқчимиз.
Расмий хабар, янгилик, имтиёз ва тартиб-таомиллар билан фақатгина вазирликнинг расмий веб-сайти ssv.uz ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари https://t.me/ssvuz орқали танишишингиз мумкин.
Агар сизда коррупциявий ҳолатлар юзасидан саволлар туғилса ёки шубҳали фаолиятни сезсангиз, 1203 рақамли “Ишонч телефони” орқали боғланишингиз ёки t.me/ssvantikor_bot телеграм ботига мурожаат йўллашингиз мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
