Мутахассис: Галотерапия орқали аллергик касалликлардан халос бўлиш мумкин
2024-07-11 12:05:00 / Янгиликлар

Ҳозир Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт марказининг янги биносида ҳам худди шундай амалиёт йўлга қўйилган.
Марказ директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова галотерапиянинг аллергик касалликларни даволашдаги самарадорлиги ҳақида маълумот берди.
— Галотерапия аллергик хасталиклар муолажасида ижобий натижа бериши тасдиқланган, — дейди мутахассис. — Аввало, туз аэрозоллари нафас йўлларини тозалайди ва шу орқали бронхлардаги балғамлар ажралишини осонлаштиради. Натижада нафас олиш жараёни ва аллергик симптомлар енгиллашади.
Қолаверса, тузнинг антибактериал, антисептик ва яллиғланишга қарши хусусиятлари ҳам бор. Бу эса нафас йўлларидаги яллиғланишни камайтириб, инфекциялардан ҳимоя қилади, иммун тизимини мустаҳкамлайди.
Туз ғорларидаги микроиқлим шароити асаб тизимини тинчлантириши билан ҳам аҳамиятли. Зотан, стрессни камайтириш аллергик касалликларни даволашда яхши самара беради.
Галотерапия хоналаримиз махсус туз пуркагичлар билан жиҳозланган. Бу ерда бронхиал астма, аллергик ва вазомотор ринит, сурункали бронхит, бронхоэктаз касаллиги ҳамда сурункали фарингитдан азият чекаётган беморлар муолажа олади.
Масалан, аллергия ва бронхиал астманинг енгил шакллари билан оғриган беморларда 3-4 сеансдан сўнг сезувчанликнинг умумий даражаси пасаяди, тери қичиши ва қизариши камайиб, бурун оқиши йўқолади ҳамда нафас олиш нормаллашади.
Шу маънода, тўғри бажарилган галотерапия курси аллергиядан бутунлай халос қилиши ҳам мумкин. Бу, аввало, нафас олиш тизими ҳали ривожланиш босқичида бўлган болалар, шунингдек, касалликнинг енгил шаклларидан азият чекаётган беморларга тегишли.
Аллергиянинг оғир турлари ва доимий бронхоспазм хуружларида туз ғорлари касалликни сезиларли даражада енгиллаштиради.
Туз хонаси, айниқса, болалар организми учун фойдали. Шу боис шифокорлар касалликнинг оғир шакллари ва мавсумий турларидан халос бўлиш учун олти ойда камида бир марта галотерапия курсини тавсия қилади.
Қолаверса, ушбу даволаш усули узоқ давом этадиган муолажа курси асосида қабул қилинадиган аллергияга қарши дори воситаларининг дозасини сезиларли даражада камайтиришга ёрдам беради. Муҳими, ножўя таъсирлари йўқ, жигар, буйрак ва бошқа ички органларга зиён етказмайди.
Туз ионлари экзема, дерматит, қичишиш ва тери тошмаси муолажасида ҳам қўл келиши исботланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати
