ССВ: Ўзбекистон ва Туркия соғлиқни сақлаш вазирлари Самарқандда учрашди
2026-04-09 10:50:00 / Янгиликлар

Таъкидланганидек, Туркия — Ўзбекистон учун яқин дўст, ишончли ҳамкор. Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 29 январь куни Туркияга расмий ташрифи кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришга замин яратди.
Олий даражадаги музокаралар якунида Соғлиқни сақлаш, таълим ва ҳарбий тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланиши бу йўналишдаги алоқалар ривожига янгича суръат бағишлади.
Шунингдек, ушбу ташриф доирасида икки давлат соғлиқни сақлаш вазирлари учрашиб, қатор истиқболли келишувларга эришди.
Бу галги мулоқотда юртимизда янги даволаш муассасаларини қуриш, тиббий таълим ва менежментни ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириш каби йўналишларда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳақида сўз борди.
Ўзбекистон томони туркиялик экспертлар иштирокида қатор ихтисослаштирилган марказлар ва тиббиёт олий ўқув юртларида ўтказилган маҳорат дарслари самарадорлигини юқори баҳолади. 100 нафардан ортиқ юртимиз тиббиёт ходимларининг Туркияда малака ошириши учун яратилган имкониятлар учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Тошкентда ишга туширилган замонавий Онкология марказида туркиялик мутахассислар иштирокида самарали менежмент тизими жорий этилиб, муассасага қардош мамлакатдан жалб этилган бошқарувчи К. Седат директор этиб тайинланганига алоҳида урғу берилди.
Қолаверса, ҳозир давлат-хусусий шериклик асосида Тошкент давлат тиббиёт университети клиникаси базасида кўп тармоқли шифохона ташкил этишга қаратилган умумий қиймати 500 млн. долларлик лойиҳани амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Шундан сўнг томонлар буйрак ва жигар трансплантацияси каби юқори технологияли операцияларни биргаликда амалга ошириш, тиббий кадрлар тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, шу йил якунига қадар учинчи Ўзбекистон–Туркия тиббиёт форумини ўтказиш юзасидан таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Мулоқотда вазир жаноблари Ўзбекистон билан соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни янада изчил ва юқори суръатда давом эттиришга тайёр эканлигини қайд этди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


