ССВ: Самарқандда Туркий давлатлар онкологларининг II Конгресси ўтказилади
2026-04-07 11:45:00 / Янгиликлар

Ушбу нуфузли анжуманда юртимиз вакилларидан ташқари Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ва бошқа давлатлардан 300 нафардан ортиқ етук олимлар, соҳа экспертлари ҳамда амалиётчи мутахассислар иштирок этиши кутилмоқда.
Конгресснинг биринчи куни замонавий жарроҳлик технологиялари, иммун ва таргет терапия, молекуляр диагностика ҳамда минимал инвазив усулларга бағишланган маҳорат дарслари билан бошланади. Уларда клиник ҳолатлар муҳокамаси ва жонли намойишлар орқали қатнашчиларга амалий билимлар тақдим этилади.
Тадбирнинг иккинчи куни расмий очилиш маросими билан бошланиб, унда турли давлатлар соғлиқни сақлаш вазирлари, халқаро ташкилотлар ва етакчи онкология марказлари раҳбарлари иштироки режалаштирилган.
Шундан сўнг конгресс доирасида ўпка ва кўкрак бези саратони, гастроинтестинал, гинекологик ҳамда бошқа онкологик касалликлар бўйича илмий сессиялар ўтказилади. Муҳокамаларда неоадъювант ва адъювант терапия, PD-L1 ингибиторлари, индивидуал даволаш стратегиялари ҳамда клиник қарор қабул қилиш алгоритмлари кенг муҳокама этилади.
Конгресснинг учинчи кунидаги мулоқотларда рационал дори-дармонларни қўллаш, замонавий фармакотерапия стратегиялари ва даволаш самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилади.
Анжуман якунида халқаро экспертлар иштирокида келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олиниши кўзда тутилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
