Юртимизда болалар саратонига қарши курашиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва халқаро ҳамкорликка бағишланган матбуот анжумани қизғин давом этмоқда.
2026-02-27 11:45:00 / Янгиликлар
Унда юртимизда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз боряпти.
Шунингдек, тадбирда халқаро экспертларнинг юртимизга ташрифи натижалари ҳақида атрофлича маълумот берилмоқда.
Айтиш лозимки, ушбу делегация таркибидан жаҳоннинг етакчи экспертлари, жумладан, “St. Jude Global” халқаро ташаббуси вакиллари ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюросининг болалар онкологияси ва паллиатив ёрдам соҳаларидаги мутахассислари ўрин олган.
Ташриф дастури кенг қамровли ва стратегик характерга эга бўлиб, юртимизда болаларга кўрсатилаётган хизматнинг асосий жиҳатлари — клиник амалиёт ва дори-дармон таъминотидан тортиб, соҳани рақамлаштириш ва паллиатив ёрдамни ривожлантиришгача бўлган жараёнларни ўз ичига олди.
Маълумот учун, АҚШнинг Сент-Жуд болалар тадқиқот шифохонаси вице-президенти Карлос Родригес-Галиндо бошчилигидаги делегация аъзолари юртимизга ташрифи давомида “Uzbekistan Airports Cargo” логистик мажмуаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг вакциналар омборида онкологик дори воситаларини “совуқлик занжири” асосида сақлаш ва ташиш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Шунингдек, Болалар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази, “Taskin” болалар онкологик хосписи фаолиятини кўздан кечирди.
Меҳмонлар Ягона интегратор — "UZINFOCOM"да саратон билан касалланган беморларни электрон рўйхатга олиш ва маршрутизация қилиш, дори воситаларининг болаларга хавфсиз ва ўз вақтида етиб бориши тизими ҳақида маълумотга эга бўлди.
Халқаро экспертлар “Mehrli maktab” таълим лойиҳаси билан яқиндан танишди.
Журналистлар тадбирда ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
