Жигарнинг ёғ босишидан қандай халос бўлиш мумкин?
2026-02-24 09:55:00 / Янгиликлар

Хўш, бу қандай омиллар билан боғлиқ?
Вирусология илмий-тадқиқот институти директори, академик Эркин Мусабоев шу ҳақда маълумот берди.
— Хасталик асосан носоғлом турмуш тарзи, яъни нотўғри овқатланиш, кам ҳаракатлик туфайли юзага келади, — дейди олим. — Қолаверса, қандли диабет, гормонал алмашинув бузилиши ва генетик хасталиклар ҳам ушбу муаммонинг омилларидан.
Бундан ташқари, спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилиш жигарга зарар етказиб, бу аъзо ҳужайраларида ёғлар тўпланишига сабаб бўлади.
Хавотирли жиҳати, мазкур ҳолат бора-бора жигар яллиғланиши ва дисфункциясига олиб келиши эҳтимоли юқори. Жигар циррози, жигар етишмовчилиги, жигар саратони ҳам унинг таъсирида келиб чиқади.
Дастлабки босқичларда жигар ёғли гепатози сезиларли белгиларсиз кечади. Аммо касаллик ривожлангани сари доимий чарчоқ ва ҳолсизлик, қорин соҳасида оғриқ ва ноқулайлик, тери ва кўз оқининг сарғайиши, нафас қисиши, сабабсиз вазн ортиши ёки камайиши каби аломатлар кузатилиши мумкин.
Шу боис хасталикни самарали даволаш учун, аввало, бемор ўз турмуш тарзини ўзгартириши, яъни, ёғли, қовурилган таомлардан воз кечиб, микронутриентлар ва фойдали моддаларга бой озуқалар, мева-сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиши керак.
Айниқса, антиоксидантларга бой ноз-неъматлар жигар фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, жисмоний фаолликни ошириш метаболизмни яхшилаш ва жигар функциясини тиклашга ёрдам беради.
Зарарли одатларни тарк этиш, жумладан, спиртли ичимликлардан воз кечиш ва чекишни ташлаш бу аъзо саломатлиги учун катта фойда келтиради.
Ёғли гепатозни ташхислаш ва даволаш учун, албатта, шифокорга мурожаат қилиш керак. Зарур ҳолларда, махсус муолажалар белгиланиши мумкин. Даволаниш мутахассис назорати остида амалга оширилиши талаб этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
