Қўқон шаҳрида фармацевтика соҳаси ходимларига эътибор кўрсатилди
2026-11-07 07:10:00 / Янгиликлар
Қўқон шаҳрида «Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни» муносабати билан фармацевтика соҳаси вакиллари иштирокида байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирда соҳа ходимларининг аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш, фармацевтика хизматларини ривожлантириш ҳамда инсон саломатлигини муҳофаза қилишдаги муҳим ўрни эътироф этилди.
Шунингдек, мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан фармацевтика саноатини ривожлантириш, маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва аҳолининг сифатли дори-дармонларга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти таъкидланди.
Касбига садоқати ва намунали меҳнати билан ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган соҳа вакилларига ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Байрам тадбири хушовоз хонандалар иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.









