Қўқон шаҳрида «Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни» кенг нишонланди
2026-11-12 07:10:00 / Янгиликлар

Тантанали тадбирда иштирок этган Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов барчани касб байрами билан самимий муборакбод этиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан тиббиёт ва фармацевтика соҳаларини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этди.
Хусусан, сўнгги ўн йилда мамлакатимизда 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятига эга янги поликлиника ва шифохоналар ишга туширилгани, 58 мингта шифо ўрни яратилгани, тиббий хизматлар ҳажми уч баробарга ошгани таъкидланди. Илгари фақат хорижий давлатларда бажарилган юздан ортиқ юқори технологияли тиббий амалиётлар, жумладан, аъзолар трансплантацияси, робот жарроҳлиги, туғма юрак нуқсонларини даволаш ва бош миядаги мураккаб операцияларни бугунги кунда мамлакатимизда ҳам ўтказиш имконияти яратилганига эътибор қаратилди.
Шунингдек, жорий йил 27 октябрь куни Президентимиз томонидан тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан ўтказилган учрашувда белгиланган устувор вазифалар ҳақида сўз юритилди. Бирламчи тиббий ёрдам сифатини ошириш, касалликларни эрта аниқлаш, оилавий шифокорлар фаолиятини кучайтириш, замонавий диагностика, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни тиббиётга кенг жорий этиш, соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларнинг аҳамияти таъкидланди.
Қўқон шаҳар ҳокими ушбу ислоҳотларнинг амалий натижалари Қўқон шаҳрида ҳам ўз ифодасини топаётганини қайд этди. Бугунги кунда Қўқон шаҳрида 1 та кўп тармоқли марказий ва 11 та оилавий поликлиника аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда 9-сонли оилавий поликлиника учун қарийб 7 миллиард сўм маблағ ҳисобига янги бино барпо этилди, 2-сонли поликлиника реконструкция қилинди, 6-сонли оилавий поликлиника тубдан таъмирланди.
Яқинда эса 36 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатишга мўлжалланган 8-сонли оилавий поликлиниканинг замонавий уч қаватли биноси фойдаланишга топширилди. Мазкур муассасани қайта қуриш ва таъмирлаш ишларига республика бюджетидан 6 миллиард 875 миллион сўм, жиҳозлаш учун шаҳар маҳаллий бюджетидан 600 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Шу билан бирга, Қўқон шаҳрида хусусий тиббиёт соҳаси ҳам изчил ривожланмоқда. Жумладан, 2025 йилда 80 ўринли «AKIF» тиббиёт маркази, жорий йил ноябрь ойида эса 70 ўринли «Қўқон Орто Сервис» хусусий клиникаси фойдаланишга топширилди. Бу каби лойиҳалар аҳолининг замонавий ташхис ва даволаш хизматларидан ўз ҳудудида фойдаланиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Маруфжон Усмонов инсон саломатлигини асраш, беморларга умид ва ҳаёт бағишлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча тиббиёт ходимларига самимий миннатдорлик билдириб, уларнинг шарафли фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Байрам тадбирида ўзининг намунали хизмати, касбига садоқати ва фидокорона меҳнати билан ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган соҳа вакиллари ҳамда фахрийларга ташаккурномалар ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Шундан сўнг байрам тантаналари хушовоз хонандалар ва санъаткорлар иштирокидаги ранг-баранг концерт дастури билан давом этди. Ижро этилган куй-қўшиқлар, дилтортар мусиқий чиқишлар йиғилганларга кўтаринки кайфият ва байрамона шукуҳ бағишлади.
Инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашдек эзгу мақсадга хизмат қилаётган тиббиёт ходимларининг машаққатли меҳнати ҳар қандай эътирофга муносиб. Қўқонда ўтказилган байрам тадбири ҳам эл саломатлиги йўлида фидойилик кўрсатаётган соҳа вакилларига бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромнинг яна бир ифодаси бўлди.






