Қўқон шаҳридаги ихтисослаштирилган санъат мактабида янги кўргазмалар галереяси ўз фаолиятини бошлади
2026-09-15 14:10:00 / Янгиликлар

Тадбир олдидан мактабнинг Халқ чолғулари кафедраси оркестри жамоаси иштирокида концерт намойиш этилиб, томошабинларга кўтаринки кайфият бағишланди.
Яқиндагина шаҳримизнинг Ўрда майдонида Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирлар доирасида “Янги Ўзбекистон — эзгу мақсад, янги ҳаракат!” шиори остида “Моҳир фортепианочи” танлови ғолиблари иштирокида гала-концерт бўлиб ўтган эди.
Эътиборлиси, мазкур концертда саҳнада фойдаланилган фортепиано Қўқон шаҳридаги ихтисослаштирилган санъат мактабига совға қилинди.
Мактабда фортепианога эҳтиёж мавжуд бўлиб, янги фаоллар зали ҳам ташкил этилди. Концертда фойдаланилган мазкур фортепиано ушбу залга ўрнатилди. Янги фаоллар зали концертдан олинган фотосуратлар билан безатилиб, ўқувчилар ва ижодкорлар учун янада файзли ва замонавий муҳит яратилди.
Янги галерея ва фаоллар зали ёш ижодкорларнинг истеъдодини намоён этиши, турли маданий тадбирлар ва концертларни ўтказиши учун қўшимча имконият яратади.
Кўргазмалар галереясининг тантанали очилиш маросимида мамлакатимизда Президентимиз томонидан маданият ва санъатни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор эътироф этилди.









