Қўқон шаҳри халқаро туризм шаҳрига айланмоқда
2026-08-12 10:10:00 / Янгиликлар

Туризми ривожланган илғор мамлакатлар тажрибаси асосида, миллий анъаналар ва урф-одатларимизни инобатга олган ҳолда амалга оширилаётган лойиҳалар Қўқон шаҳрида ҳам тобора ривож топиб бормоқда.
Хусусан, Қўқон шаҳридаги учта туризм йўналишларидан бирида жойлашган «Исфара гузар» маҳалласида аҳоли хонадонлари миллий услубда таъмирланиб, сайёҳлар учун жозибадор кўринишга келтирилмоқда.
Ушбу лойиҳалар маҳалланинг тарихий ва миллий қиёфасини асраб-авайлаш билан бирга, ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада ошириш, маҳаллий аҳолининг туризм соҳасидан даромад олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Қўқонда тарихий мерос, миллий қадриятлар ва замонавий туризм инфратузилмасини уйғунлаштириш орқали шаҳарни халқаро сайёҳлар учун янада жозибадор масканга айлантириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.






