Қўқонда бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солиш бўйича вазифалар белгилаб берилди
2026-05-07 10:05:00 / Янгиликлар

Режага асосан, “Қўқон савдо комплекси”, “Фаробий савдо комплекси” ҳамда бошқа йирик савдо ҳудудлари атрофида замонавий кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиши белгиланган. Шунингдек, бозорлар атрофидаги тартибсиз автотураргоҳлар, ноқонуний пул йиғимлари ва ноқонуний такси нуқталарини бартараф этиш режалаштирилган. Пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, “Қўқон савдо комплекси” ҳамда “Буюк ипак йўли савдо комплекси” ўртасида ер ости йўлаги қуриш бўйича таклиф ишлаб чиқилиши қайд этилган. Бундан ташқари, бозорларга туташ кўчаларда янги бекатлар ташкил этиш, мавжудларини қайта тиклаш ҳамда автобуслар ҳаракатини қатъий тартибга солиш вазифалари белгиланди. Топшириқда ноқонуний кўча савдоларига чек қўйиш, пиёдалар йўлакларини бўшатиш, йўл белгиларини янгилаш ва светофорларнинг мунтазам ишлашини таъминлаш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилган. Шунингдек, савдо комплексларида ёнғин хавфсизлиги, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, кузатув камералари сонини ошириш ҳамда “Ситуатсион марказ” ташкил этиш орқали ҳудудларни тўлиқ рақамлаштириш ишлари амалга оширилади. Мазкур чора-тадбирлар орқали Қўқон шаҳридаги бозорларда аҳоли учун янада қулай, хавфсиз ва тартибли муҳит яратиш мақсад қилинган.



