Янги йил дастурхонига энг арзон ва сифатли маҳсулотлар!
2025-12-17 11:10:00 / Янгиликлар
Қўқон шаҳар ҳокими мутасаддиларга Ўрда майдонидаги Янги йил ярмаркаси ва халқ сайилларини юқори савияда ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб берди. Фестивальда барпо этилган Ҳунармандлар дарвозасидан бошлаб то Истиқлол кўчасига қадар, Халқаро ва Қўқон ҳунармандлари кўргазмаси ўрнида ташкил этилаётган байрам ярмаркасида озиқ-овқат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари ва хўжалик буюмлари энг арзон нархларда аҳолига таклиф этилади.

Қисқа қилиб айтганда, байрам кунлари ушбу кўча шаҳримиз бренд дўконлари, етакчи ишлаб чиқариш корхоналари ва бозорлардаги энг сара маҳсулотлар билан тўлдирилади. Ярмаркада дегустация, чегирма ва акциялар, маҳсулотлар тақдимотлари ва бадиий намойишлар ўтказилади. Худди фестиваль кунлари бўлгани каби бу ҳудуд ярим тунгача шаҳримиз юрагига айланиб, ҳамшаҳарларимизни хушнуд этиш учун хизмат қилади.
Айни пайтда расталарга ўймакор уста Музаффаржон Собиров томонидан ишланган миллий элементлар ўрнатилиб, янада кўркам ва жозибадор кўринишга келтирилмоқда.




