Тошкентда Шинжон маҳсулотлари халқаро кўргазмаси очилди
2024-03-30 18:45:00 / Янгиликлар

Бугун, 30 март куни пойтахтимиздаги “Наврўз” боғида иш бошлаган Шинжон маҳсулотлари халқаро кўргазмасининг расмий очилиш маросими ўтказилди.
Унинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Шинжон-Уйғур автоном райони Халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз, Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчиси Юй Цзюнь ва бошқа расмийлар ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида яхши қўшничилик ва дўстлик муносабатлари жадал ривожланиб бормоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги яқин, самимий ва биродарлик ришталари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий, шу билан бирга, ҳудудлараро ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.
Бугун ўз фаолиятини бошлаган ушбу кўргазмада Шинжоннинг 100 га яқин компаниялари қатнашаётгани, Хитой делегациясининг мамлакатимизга ташрифи чоғида Тошкент ва Самарқандда бўлиб ўтган самарали учрашув ҳамда музокаралар давомида янги келишувларга эришилгани қайд этилди.
Тадбир сўнггида боғ ҳудудидаги этно шаҳарчада Хитой делегацияси шарафига “Наврўз” сайли ташкил этилди.
Шу билан, Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном райони Халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи якунига етди.


