Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда халқаро ҳамкорлик
2025-08-21 17:35:00 / Янгиликлар

Самимий руҳда ўтган учрашув аввалида Бош вазир ўринбосари мамлакатимизда оила ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Жумладан, оилавий ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, оилалар фаровонлиги ҳамда аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш бўйича яратилган инструментлар; хотин-қизларни олий таълимга жалб этиш имкониятлари; касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш; аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини оилаларда ҳаёт тарзига сингдириш; фарзанд тарбияси ва ота-оналик масъулиятини ошириш; аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, агрессорлар билан ишлаш ва уларни тузатишга қаратилган дастурлар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, истиқболдаги устувор вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, меҳнат жамоаларида маслаҳат кенгашлари ташкил этилгани ва улар иштирокида амалга оширилаётган “Соғлом оила - соғлом жамоа” лойиҳасининг аҳамияти меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Сабине Маҳл хоним мамлакатимизда амалга оширилаётган соҳавий йўналишларни юқори баҳолаб, уларни Ўзбекистоннинг ўзига хос тажрибаси сифатида алоҳида таъкидлади.
Учрашув давомида оилаларда хотин-қизларни даромад топишга ўргатиш орқали камбағалликни қисқартириш, меҳнат мигранти сифатида оиласидан узоқда ишлаётган, кам даромад топаётган аёлларни қайтариш, уларнинг фарзандлари ва оиласидан ажралиб, хорижий давлатларда ишлаш ҳолатларини камайтиришга қаратилган турли лойиҳаларда ҳамкорлик қилиш таклифи билдирилди. Шунингдек, келгуси йилда ўтказилиши режалаштирилаётган “Осиё аёллар форуми”да яқин ҳамкорлик қилиш борасида ҳам таклифлар билдирилди.
З.Махкамова томонидан тартибли миграцияни йўлга қўйиш, хорижий давлатларда кафолатланган иш ўринлари учун мақсадли тил ўрганиш курсларини ташкил этиш, маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари, туман (шаҳар)ларда эса оила ва хотин-қизлар масканларининг ташкил этилгани ва уларнинг аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, ўзаро ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.

