Ўзбекистон мудофаа вазири Покистон ҳарбий делегацияси билан учрашди
2025-08-20 12:50:00 / Янгиликлар

Дастлаб делегация вакиллари “Янги Ўзбекистон” боғидаги “Мустақиллик” монументи пойига гул қўйдилар. Шундан сўнг меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига ташриф буюрди. Фахрий қоровул иштирокида ўтказилган расмий кутиб олиш маросимида ҳарбий оркестр томонидан икки давлат мадҳияси ижро этилди.
Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида бўлиб ўтган учрашувда мудофаа вазири генерал-майор Шухрат Халмухамедов генерал Саҳир Шамшод Мирзо ва делегация вакилларини Покистон Ислом Республикаси мустақиллигининг 78 йиллиги байрами билан самимий қутлади.
Учрашувда Ўзбекистон ва Покистон армиялари ўртасидаги ҳамкорликда эришилаётган ютуқларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Томонлар икки мамлакат мудофаа соҳасидаги муносабатлар тобора мустаҳкамланиб, ҳарбий таълим, тажриба алмашиш ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни давом эттиришнинг истиқболли йўналишлари ҳақида фикр алмашди.
Шундан сўнг Покистон ҳарбий делегацияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети фаолияти ва инфратузилмаси билан яқиндан танишдилар.


