Бутунжаҳон Интеллектуал Мулк Ташкилоти 66-сессиясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.
2025-07-09 14:10:00 / Янгиликлар

Сессиянинг 8 июль куни очилиш маросимида адлия вазири А. Ташкулов нутқ сўзлаб, Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, соҳани рақамлаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, БИМТ Бош директори жаноб Дарен Тангнинг жорий йил май ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида эришилган муҳим келишувлар юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шу куни Адлия вазирлиги делегацияси Евросиё патент ташкилоти (YPT) раҳбарияти билан икки томонлама учрашув ҳам ўтказди. Учрашувда 2024-йилги 65-сессия доирасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида амалга оширилган ишлар, ҳамда режалаштирилган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Адлия вазири А. Ташкулов ва ЙПТ президенти Григорий Ивлиев икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, саноат мулки соҳасида тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
БИМТ Бош ассамблеясининг 66-сессияси доирасида Ўзбекистон делегацияси томонидан икки томонлама учрашувлар ўтказилиши, хусусан, давлатлар ва интеллектуал мулк идоралари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган меморандумлар имзоланиши режалаштирилган.


