Қишлоқ хўжалиги тўлиқ рақамлаштирилади
2023-12-22 09:45:00 / Янгиликлар

Жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам рақамлаштириш, замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланишни бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, тармоқ статистикасининг шаффоф механизмини яратиш бўйича муайян ишлар олиб бориляпти.
Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигида ташкил этилган йиғилишда ҳам айни шу масалалар хусусида сўз борди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида “ИТ инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш” юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, рақамлаштириш энг аввало ҳужжатбозликни олдини олиш, коррупциянинг олдини олишга ва энг муҳими инсон омилининг чекловига туртки беради.
Вазир И.Абдураҳмонов ўз навбатида қишлоқ хўжалигида рақамлаштириш бўйича ишлар қилинаётганини алоҳида қайд этар экан, бунда энг аввало ахборот тизимлари ва ҳукумат портали my.gov.uz ўртасидаги интегратсиялашувни таъминлаш ва керак бўлса бу борада аниқ мақсадларни ўзида акс эттирган дастур ёки йўл харита ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди. Бу масалаларни ўз вақтида ва тезкорлик билан ижобий ҳал этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
Йиғилиш асосини конструктив мулоқот ташкил этди. Бунда энг асосийси ҳозирги ҳолатни бузмаган ҳолда галдаги вазифалар юзасидан қилинадиган ишларнинг кўлами белгилаб олинди.
Зеро, бугун қишлоқ хўжалигини рақамлаштирмасдан туриб соҳада рақобатбардошликни ошириш, бу борадаги сиёсатни белгилаш жуда қийин. Мазкур вазифаларнинг самарали амалга оширилиши, шубҳасиз, республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатади, замонавий тараққиётнинг янги қирраларини ўзлаштиришга хизмат қилади.

