Инвестициялар жалб қилиш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди
2023-12-05 10:00:00 / Янгиликлар

Йиғилишда Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, вазир ўринбосарлари, вазирлик ҳузуридаги ташкилотлар вакиллари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасидан масъул ходимлар иштирок этди.
Унда, 2023 йил учун белгиланган инвестиция кўрсаткичлари, эришилган натижалар, лойиҳаларнинг ижроси, йил якунигача кутилаётган кўрсаткич ва 2024 йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосарларининг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 2023 йил январ-ноябр ойларида амалга оширилган ХМИ ва инвестиция лойиҳалари юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Айтиш керак, вазирлик томонидан жорий йилда қиймати 988,5 млн доллар бўлган 24 та инвестиция лойиҳалари (16 та 578,6 млн долларлик тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳалари ва 8 та 409,9 млн долларлик ХМИ лойиҳалари) ни амалга ошириш белгиланган.
Бош вазир ўринбосари Ж.Ходжаев ўз навбатида соҳага янги инвестицияларни жалб этиш ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ ҳаракатлар алгоритмини кўрсатиб, хорижий кредитлардан самарали фойдаланиш ва инвестиция дастуридаги лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштирш бўйича тегишли топшириқлар берди.
Қолаверса, аграр соҳадаги транспорт, логистика, агро-хизматлар, суғурта, лизинг каби йўналишлардаги фойдаланилмаётган имкониятларни тўлиқ ишга солиш зарурлиги қайд этилиб, соҳадаги ислоҳотларни фаоллаштириш, бунда фермер ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, вазирлик томонидан олий даражадаги ташрифлар ва инвест-форумларда келишилган қиймати 5 миллиард доллардан зиёд истиқболли хорижий инвестицияларни ўзлаштириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди.



