Қишлоқ хўжалигида халқаро ҳамкорликдаги лойиҳалар ҳақида ахборот берилди
2025-03-03 17:35:00 / Тақдимотлар

Юртимиз агросаноати самарадорлик ва бозор муносабатлари жиҳатидан ислоҳ қилинмоқда. Соҳага илғор агротехнологиялар, илм-фан ютуқлари кенг жорий этилмоқда.
Бир гуруҳ мутахассисларимиз яқинда Хитой, Италия, Японияга бориб, илмий институтлар, йирик компания ва хўжаликлар тажрибасини ўрганди. Шу асосида янги ҳамкорлик режалари ишлаб чиқилди.
Маълумки, юқори ҳосилдорликнинг биринчи омили бу уруғчилик. Хитой қишлоқ хўжалиги академияси экинлар уруғи ва кўчатчилигида катта тажрибага эга. Бизда эса қишлоқ хўжалиги бўйича 14 та илмий институт, 55 та уруғчилик хўжалиги бўлгани билан, янги нав ва агротехнология масаласида оқсоқлик бор. Деҳқонлар маҳаллий уруғдан манфаат кўрмагани учун чет элникини экаяпти.
Шу боис Юқори Чирчиқ туманидаги Агрохизматлар марказида Хитой тажрибаси асосида уруғчилик ва кўчатчиликни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун 200 миллион доллар сармоя киритилиб, пахта, буғдой, шоли, макка, узум ва мева навлари кўпайтирилади. Уруғ олишдан бошлаб, уни замонавий техника ва дронлар ёрдамида экиш, дорилаш, йиғиш ва қайта ишлаш бўйича намунавий ҳудуд ташкил қилинади.
Соҳа учун яна бир долзарб масала – малакали кадрлар. Бу борада Италияда яхши таълим тизими бор. Биргина Болоня университети Европани малакали мутахассислар билан таъминлашда катта ўрин тутади. Илмий институтлар хусусий сектор билан ҳамкорлик қилиб, буюртма асосида сифатли навларни яратиб, тижоратлаштираяпти.
Ушбу тажрибаларни ўрганиш мақсадида Италиядаги Болоня, Тушиа, Феррара, Пиза олийгоҳларига бу йил 200 нафар ёшларимизни юбориш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, Тушиа университетида йилига 30 нафар озиқ-овқат технологини грант асосида ўқитиш, юртимизда кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш таклифини билдирган.
Дунё тажрибасини ўрганишда ўқиб, ишлаш дастурлари ҳам қўл келади. Масалан, Самарқанд аграр институти, Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ўтган йили бир гуруҳ талабаларни Германия ва Англияга юборган. Тошкент давлат аграр ҳамда Халқаро қишлоқ хўжалиги университетлари, Фарғона озиқ-овқат институтида талабаларни Японияга юбориш учун япон тили марказлари ташкил этилмоқда.
Тақдимотда режалар қўллаб-қувватланиб, бундай ҳамкорликни Венгрия, Нидерландия, Канада, Австралия, Жанубий Корея каби агросаноат ривожланган давлатлар билан ҳам кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳудудларда инновацион лойиҳаларни кўпайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.