Самарқанд шаҳрида халқаро форум
2023-11-23 10:10:00 / Янгиликлар

Форум оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича Ислом Ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва тажриба алмашиш мақсад ташкил этилди.
Анжуманда 20 дан ортиқ давлатдан 40 нафарга яқин хорижий меҳмонлар – Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибияти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Аёллар тараққиёти ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва тузилмалари мутасаддилари ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича давлат органлари раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоеванинг видеомурожаати тингланди.
Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов “Хотин-қизларнинг таълим олишлари учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш ҳамда уларни илм-фан соҳасига кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган илғор тажрибалар” мавзусида маъруза қилди.
Вазир ўринбосари нутқида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимида ҳам хотин-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 1 млн. 200 минг нафар талабанинг 598 мингни (49,8 фоизни) хотин-қизлар ташкил этаётгани ва бу 2017 йилги кўрсаткичдан 12 фоизга ошганини, магистратура босқичида ўқишини давом эттираётган талаба-қизлар сони 13 минг 995 нафар бўлиб, жами талабалар сонига нисбатан 59,5 фоизни ташкил этишини, тизимда талаба қизларнинг таълим олиши учун барча шарт-шароитлар яратилгани ҳақида алоҳида тўхталди.


