Қорақалпоғистон Республикасида Қишлоқ хўжалиги соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш механизмлари белгилаб олинди
2025-02-05 14:25:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасига йўналтирилаётган маблағлар ва уларнинг тақсимоти, туманлар кесимида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр алмашдилар. Бундан ташқари, ғалла ва пахта етиштириш, мева-сабзавот ҳамда чорвачилик йўналишларида бир қатор истиқболли лойиҳаларни ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди. Жорий йилги мавсумга ерларни тайёрлаш, шўр ювиш ва аграр тармоқ олдида турган бошқа муҳим вазифалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалигининг ўзига хос мактаби мавжуд эканлигини таъкидлар экан, замонавий ёндашув ва янгича тафаккур билан ишлаш заруриятини қайд этди. У аввалги йилларда эришилган ютуқларни янада ошириш имконияти мавжудлигини ва бу имкониятлардан фойдаланиш лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Ҳосилдорликни ошириш, янги навларни синаш ҳамда истиқболли уруғларни экиш билан боғлиқ агротехник тадбирларни уюшқоқлик билан ташкил этиш зарурлиги масаласига ҳам эътибор қаратилди. Фарҳод Эрманов ўз нутқида Қорақалпоғистон ҳудудларининг имкониятлари ва иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда боғлар ташкил қилишда сув тежовчи технологияларни қўллаш заруриятини таъкидлади. Шунингдек, шоли етиштиришда ҳам замонавий технологияларни жорий этишнинг долзарблиги қайд этилди.
Учрашувда Қорақалпоғистон Республикасининг иқлим шароитига мос пахта навларини янги технология асосида 76-10 схемаси бўйича экиш масаласи муҳокама қилинди. Бунинг учун ҳозирдан уруғлик чигитларни тайёрлаш жараёнларига эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Умуман олганда, аграр соҳада ишга солинмаган имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда туманлар аграр тармоғи ривожида муҳим аҳамият касб этувчи истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш механизмлари белгилаб олинди.