“WorldSkills Samarkand-2025” V миллий касблар мусобақаси старт олди
2025-01-30 09:50:00 / Янгиликлар

29 январ куни мазкур беллашувнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев, Ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси бошқарув раиси Фаррухжон Жўраев, ЭСАБнинг Марказий Осиёдаги раҳбари Екатерина Татаринова, Швейцариянинг “Ўзбекистонда касбий таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси раҳбари Симоне Страсбургер, шунингдек, иш берувчи корхона ҳамда ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар “WorldSkills Samarkand-2025” мусобақаси Ўзбекистонда ишчи касблар ривожини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишига ишонч билдириб, иштирокчиларга омад тилашди.
Маросим давомида чемпионат иштирокчилари ва экспертлар қасамёд қабул қилиб, ўз касби бўйича биринчи модулни бажаришга киришдилар.
Мусобақада жами 146 нафар иштирокчи қатнашмоқда. Улар Электромонтаж, Тиббий ва ижтимоий ғамхўрлик, Пайвандлаш технологияси ва Сантехника технологияси касблари бўйича беллашади. Чемпионат 4 февралга қадар давом этади.
Ғолиблар халқаро мусобақада қатнашиш имкониятини қўлга киритадилар. Мусобақада 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган иштирокчиларга 2025 йилнинг 23–27 ноябр кунлари Тайванда бўлиб ўтадиган “WorldSkills Asia Competition Taipei 2025” халқаро касблар чемпионатига йўлланма берилади. Халқаро мусобақага 4 ой қолганда ғолиблар ўртасида якуний синов ўтказилиб, энг кучли иштирокчи якуний босқичда қатнашиш имкониятига эга бўлади.
Маълумот учун: “WorldSkills” мусобақаси илк бор 1947 йилда Испанияда Иккинчи Жаҳон уруши натижасида вайрон бўлган давлатларда ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш мақсадида ташкил этилган. Ушбу чемпионат 2017 йилда Бирлашган Араб Амирликларида, 2019 йилда эса Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган бўлиб, ҳар йили минглаб ёш мутахассислар ўз маҳоратини синовдан ўтказади.

