Ўзбекистон “Mastercard Tourism Innovation Hub”га қўшилди
2023-10-18 13:50:00 / Янгиликлар

Учрашувда томонлар Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш соҳасида стратегик ҳамкорликни эълон қилдилар ва Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг “Mastercard” туризм инновацион марказига (“Mastercard Tourism Innovation Hub”) қўшилишини назарда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.
Меморандумга Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва Глобал давлат сектори раҳбари, “Mastercard” компаниясининг стратегик ривожланиш бўйича ижрочи вице-президенти Никола Вилла имзо чекди.
“Вазирлик “Mastercard” билан ҳамкорликни илиқ кутиб олади. Бу биз учун тўлов инфратузилмасини яхшилаш, маҳаллий ва хорижий меҳмонлар учун турар-жойлар тажрибасини, харажатлар ва сайёҳлик оқими бўйича таҳлилий маълумотларни ўрганиш имконини яратади. Шунингдек, дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакат ва минтақаларида Мастерсард карталаридан фойдаланаётганлар орасида Ўзбекистонни сайёҳлик йўналиши сифатида тарғиб қилишда кенг истиқболларни очиб беради”, — деди Азиз Абдуҳакимов.
Никола Вилла эса Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболлари ҳақида гапирди.
“Биз Ўзбекистон билан туризм индустриясини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли ҳамкорлик бошланганини эълон қилишдан мамнунмиз. Ўзбекистон ниҳоятда бой мерос, ажойиб маданият ва диққатга сазовор жойлари кўп. Бу гўзал мамлакат улкан салоҳиятга эга ва биз ўз технологик платформамиз, илғор тўлов ечимлари, халқаро тажриба, маълумотлар таҳлили бўйича ваколатлар ва бошқа имкониятларимиз ёрдамида Ўзбекистоннинг ривожланишига ҳисса қўшишимиздан фахрланамиз”, — деди "Mastercard" вице-президенти.
Таъкидлаш жоизки, "Mastercard" туризм инновациялари маркази Ўзбекистондаги вазирлик ва қуйи ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳукумат, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, туризм корхоналари учун қўшма рақамли ечимларни ишлаб чиқади. Саёҳатчилар ва кичик бизнес учун хавфсиз, ишончли ва қулай тўлов инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш, Ўзбекистонни сайёҳлик йўналиши сифатида тарғиб қилиш тенденсияларини кузатиш ва стратегияларни ишлаб чиқиш учун таҳлилий маълумотларни тақдим этиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва илғор жаҳон тажрибасини алмашиш ҳам ҳамкорлик йўналишларига киради.
Маълумот учун, “Mastercard” тўловлар ва технология соҳасидаги етакчи глобал компания бўлиб, ҳозирда 60 дан ортиқ мамлакатда тўловларни рақамлаштириш орқали иқтисодий ўсиш ва ривожланишни рағбатлантиришга қаратилган 1600 дан ортиқ давлат лойиҳаларини бошқаради.


